Спорт | 11:33 / 03.05.2023
27612
11 дақиқада ўқилади

«Арсенал» яна биринчи ўринда, «Реал»да фиаско, «Барса» рекордга яқинлашмоқда. Европада кун ўйинлари

Европа футболида сешанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Лэмпард фақат ютқазмоқда

АПЛ. 34-тур
Арсенал — Челси 3:1
Голлар:
Эдегор (18, 31), Жезус (34) — Мадуэке (65).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл (Ҳолдинг, 85), Кивер, Зинченко (Тирни, 73), Жака, Жоржиньо (Парти, 86), Эдегор, Сака (Нелсон, 74), Троссард (Мартинелли, 59), Жезус.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Силва, Фофана (Чалоба, 86), Чилуэлл, Ковачич, Канте, Фернандес (Мудрик, 71), Стерлинг (Галлаҳер, 71), Мадуэке (Зиёш, 79), Обамеянг (Ҳавертц, 46).
Огоҳлантиришлар: Ковачич (80), Галлаҳер (90+5). 

Бу дерби одатдагидек ёрқин аншлаг остида кечиши мумкин эди, аммо Лондоннинг бу икки жамоаси барчасини ўзи барбод қилди. «Челси» мавсумнинг катта қисмини турнир жадвалининг иккинчи қисмида ўтказмоқда, «канонирлар» эса «Манчестер Сити»га йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, амалда ўз қўлидаги чемпионликни бериб юборди.

Аммо нюанс ҳам бор. Кўклар жамоаси ўйини Фрэнк Лэмпард қайтганидан кейин янада пасайди ва қаторасига олти ўйинда мағлуб бўлди, «Арсенал» эса барибир охирига қадар курашмоқчи эканини намойиш этди. Ва Микел Артета учун бу ҳолатдаги «Челси» муваффақиятсиз серияга (=3-1) нуқта қўйиш ва 1 апрелдан буён илк ғалабага эришиш учун идеал рақиб бўлиб чиқди.

Меҳмонлар бу ўйинда нимадандир умид қилиши мумкинмиди? Назарий жиҳатдан ҳа — агар ҳисоб 1:0 эканида Рамсдэйл Чилуэллнинг ажойиб зарбасидан кейин унданда ажойиб сейв амалга оширмаганида. Лекин майдонда турли даражадаги жамоалар ўйнаётгани кўриниб турди ва Эдегор иккита қайтариб бўлмас зарбаси билан дублни расмийлаштириб, жамоанинг гол+пас тизимида 20 баллик нуқтани забт этган учинчи футболчисига айланди – Сака ва Габриэл Мартинеллидан кейин.

АПЛнинг ҳеч бир жамоаси бундай кўрсаткич билан (бир вақтнинг ўзида уч футболчисидаги бундай сермаҳсуллик) мақтана олмайди. Бу рўйхатда Габриэл Жезус ҳам бўлиши керак эди, аммо у 2022 йилги жаҳон чемпионатида жароҳат олгач, тўрт ой майдонга туша олмади. Ушбу бразилиялик бу оқшомда барибир гол уриб, сўнгги уч мавсумда илк бор голлари сонини 10 тага етказди — у бу борада жамоадошлари орасида тўртинчи кўрсаткични қайд этиб турибди, бу ҳам (бир вақтнинг ўзида жамоанинг тўрт футболчиси камида 10 гол уриши) топ-5 лигалардаги энг яхши кўрсаткич.

Қолаверса, Артета жамоаси бир мавсумнинг ўзида 10 та дербида ғалаба қозонган илк жамоага айланди.

«Арсенал» камида «Ман Сити»нинг бугунги ўйини якунига қадар биринчи ўринга қайтди. Аммо яна икки очколик фарқ билан ортда бораётган «шаҳарликлар»да иккита захира ўйини бор. Табиийки, қизил-оқлар принципиал рақибларидан бири — «Вест Ҳэм» бу ўйинда ёрдам қўлини чўзишидан умид қилади.

Испания: Тер Штеген девори

Ла Лига. 33-тур.
Барселона — Осасуна 1:0
Гол:
Алба (85). 
Барселона – тер Стеген, Кунде, Кристенсен (Эрик Гарсия, 52), Араухо, Балде (Алба, 76), Бускетс (Ферран Торрес, 76), де Йонг, Педри, Гави (Фати, 36), Рафиня (Дембеле, 52), Левандовски.
Осасуна – Фернандес, Морено, Унаи Гарсия, Эррандо, Санчес, Торро (Хуан Крус, 59), Рубен Гарсия (Барха, 46), Орос (Мунйос, 46), Ибанес, Бенито (Аридане, 70), Чими Авила (Кике Гарсия, 59).
Четлатиш: Эррандо (26).

Биринчи бўлим икки жамоа мухлислари учун ҳам хурсандчилик келтирмади. Ўйиндаги энг ёрқин вазият — Педри Балденинг идеал узатмасидан кейин дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўрга кирита олмагани бўлди. Энг ёдда қоларлиси — дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Педрига шу куни ла лигада дебют қилган Эррандо томонидан фол ишлатилиши бўлди, бу эпизоддан кейин «Осасуна» ўн киши бўлиб қолди. Бундай фондаги энг қайғули ҳолат эса — Гави жароҳат олиб, танаффусга қадар ҳам ўйнай олмагани бўлди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими эса бутунлай бошқача кечди. Балки гап қуёш ботганидадир, яқинда Хави муваффақиятсиз ўйиндан кейин иссиқ ҳавони баҳона қилганди. Лекин сўнгги ҳафталарда «Барселона»да вазиятлардан фойдаланиш бўйича муаммолар яққол юзага чиқмоқда. Френки де Йонг бир неча метр масофадан туриб тўпни дарвозабоннинг ўзига тепди, Дембеле бўш бурчакка аниқ зарба бера олмади, Фати эса кераксиз вазиятда тўпга тегиниб, қулай позицияда зарба беришга чоғланиб турган Педрига халақит қилди...

Охир-оқибат, Жорди Албанинг ёрдамига эҳтиёж сезилди, иккинчи бўлимда майдонга тушган ҳимоячи бутсасининг ташқи қисми билан яқин зарба бериб, дарвозабонни иложсиз ҳолатда қолдирди ва «Камп Ноу»даги байрамни бошлаб берди. Ундан ташқари Тер Штегенни ҳам персонал натижаси билан табриклаш мумкин. Немис дарвозабон бир мавсумда 25 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ҳолда, клуб рекордини янгилади. Ушбу дарвозабон туфайли «Барса» 11-бор 1:0 ҳисобини сақлаб қолди. Яна бир шундай ғалабага эришиш билан ла лигада янги рекорд ўрнатилади. Чемпионликни расмийлаштириш истиқболлари эса шу куни кейинроқ ўтказган «Реал»га боғлиқ эди.

Реал Соседад — Реал 2:0
Голлар:
Кубо (47), Барренечеа (85).
Реал Соседад – Ремиро, Горосабел (Элустондо, 63), Ле Норман, Субелдия (Пачеко, 64), Мунйос, Кубо (Барренечеа, 74), Силва (Илярраменди, 89), Мерино, Субименди, Сёрлот (Фернандес, 74), Ойарсабал.
Реал – Куртуа, Карваҳал, Рюдигер, Милитао, Начо, Кроос (Васкес, 63), Себалйос, Тчуамени, Асенсио (Аррибас, 82), Родриго, Мариано (Родригес, 59).
Огоҳлантиришлар: Горосабел (22), Карваҳал (53), Себалйос (79), Начо (87), Родриго (90+2).
Четлатиш: Карваҳал (61).

Мадридликларни барселоналиклар чемпионликни қачон нишонлаши умуман қизиқтирмаяпти. Карло Анчелотти асосий эътиборни шанба куни бўлиб ўтадиган Испания Кубоги финалиа қаратган, шунинг учун, масалан, Бензема Сан-Себастьянга олиб кетилмади ҳам. Модрич ва Алаба жароҳатланган, Винисиус Жуниор ва Камавинга эса дисквалификация ўтамоқда. Умуман, «Реал»нинг бу ўйин учун таркиби оптималдагидан анча йироқ эди. Шунинг учун жамоа ўйинни анча эҳтиёткорлик билан олиб борди, лекин бу мадридликлар дарвозаси хавфсизлигини таъминламасди. Биринчи бўлимда Куртуа Давид Силвага қулай нуқтадан гол уришга имкон бермади, Субимендининг зарбасини эса дарвоза тўсини қайтарди.

Меҳмонлар учун муаммо етилиб келди ва бу танаффусдан кейин рўй берди. Эдер Милитао Серлотнинг босими остида хато қилиб, тўпни дарвозабонга аниқ қайтара олмади, тўп Куртуанинг олдидан ўтиб кетиб бўш дарвоза қаршисидаги Кубонинг оёғига борди. «Реал»нинг собиқ футболчиси бу совғадан фойдаланди, Карваҳал майдондан четлатилгач, бир киши кам бўлиб қолган мадридликларда эса жавоб қайтаришга куч топилмади. Қолаверса, Кубонинг ўрнига тушган Брарранечеа ҳам гол уриб, ҳисобдаги фарқни оширди.

Каталония пойтахтидагилар чемпионлик байрамига тайёрланаверса бўлади — 14 май куни «Эспанол»га қарши дерби. Кўк-анорранглиларнинг муқаррар чемпионлигидан ташқари, «Реал Соседад»нинг муҳим ғалабасини ҳам эътироф этиш керак. Баскларга тўртликда қолиш учун ва сўнгги ҳафталарда жуда кучли ўйин кўрсатаётган «Виллярреал»ни масофада сақлаш учун бу очколар ўта зарур эди.

Германия: «Лейпциг» — кубок жамоаси

Германия Кубоги. Яримфинал
Фрайбург — Лейпциг 1:5
Голлар:
Грегорич (75) — Олмо (13), Ҳенрикс (14), Собослаи (37, 90+8 пеналти), Нкунку (45+1).
Фрайбург – Флеккен, Сильдийя (Грифо, 20), Гинтер, Кюблер, Линҳарт, Гюнтер (Вайсҳаупт, 79), Ҳефлер, Эггештайн (Кайтел, 46), Доан (Шаллаи, 46), Грегорич, Ҳелер (Петерсен, 76).
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс, Орбан, Гвардиол, Ҳальстенберг (Раум, 61), Лаймер (Диалло, 87), Олмо (Клостерманн, 61), Айдара, Собослаи, Вернер (Поулсен, 79), Нкунку (Симакан, 61).
Огоҳлантиришлар: Нкунку (60), Кюблер (68), Бласвих (69), Лаймер (85), Шаллаи (90+4).
Четлатиш: Гвардиол (58).

Германия Кубогининг биринчи яримфинал ўйинида кутилган кураш рўй бермади, «Фрайбург» икки дақиқа ичида икки гол ўтказгач, ўзига кела олмади. Якунда «Лейпциг» танаффусга қадар ўйин масаласини ҳал қилди (4:0), ҳисобдаги бундай устунликда иккинчи бўлимнинг катта қисмини майдондан четлатилган Гвардиоласиз ҳам ўтказиш қийин бўлмади. Сешанба оқшомида меҳмонлар сафида Дани Олмо асосий ишни бажарди, у ҳисобни очувчи голни уришидан ташқари ассистлар бўйича ҳет-трик қайд этди.

Марко Розе жамоаси бу учрашувда бир ўқ билан икки қуённи уришди. Биринчидан, Кубокнинг амалдаги соҳиби қаторасига учинчи бор ва сўнгги олти йилликда тўртинчи бор финалга йўл олиб, кубок жамоаси мақомини тасдиқлади. Иккинчидан, «Лейпциг» бундеслиганинг навбатдаги тури олдидан руҳий устунликка эга бўлишди, чунки бу жамоа шанба куни Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашдаги муҳим ўйин учун яна «Фрайбург» майдонига қайтади.

Кун статистикаси

  • «Барселона» ла лига ва Европанинг кучли чемпионатларидаги қуруқ серия бўйича рекордни такрорлаши учун бир ўйин қолди. Каталонлар бу турда «Челси»нинг 2004/05 йиллар мавсумидаги натижаси (25 қуруқ ўйин) билан тенглашиб олди, ҳозирча бу борада «Депортиво» тенгсиз, испанлар 1993/94 йиллар мавсумида 26 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
  • «Элче» 5-бор Испания олий дивизионини тарк этади. Жамоа сегундадан қайтиши энг қисқа вақт ичида рўй бериши ўтган асрда рўй берган - икки мавсумда (1971-1973).
  • Фрэнк Лэмпард «Эвертон» ва «Челси» раҳбарлигида қаторасига 10 ўйинда ютқазди.
  • Эдегор бу мавсумдаги голлари сонини 14 тага етказиб олди. Норвегиялик футболчи яна бир гол билан марказий яримҳимоячилар орасидаги клуб рекордини такрорлайди. Бу рекорд 13 йил муқаддам Фабрегас томонидан ўрнатилган. АПЛда бу борадаги рекорд Лэмпардга тегишли - у 2009/10 йиллар мавсумида «Челси» сафида 22 гол урган.
  • «Фрайбург» ҳимоячиси Гюнтер кубокларда 31-ўйинини ўтказди — бу клубнинг янги рекорди.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид