Чемпионлар лигаси финалидаги мағлубиятга қарамай, «Арсенал» 31 май куни АПЛдаги узоқ кутилган ғолиблик шарафига чемпионлик паради ўтказди.

Маросим «Эмирейтс» стадионидан бошланди. Унда эркаклар жамоаси билан бирга УЕФА чемпионлар кубогидаги ғолибликни нишонлаётган аёллар жамоаси ҳам иштирок этди.

Параднинг асосий колоннаси тўртта автобусдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида футболчилардан ташқари мураббийлар штаби вакиллари ва бошқа ходимлар, танлаб олинган мухлислар, шунингдек, махсус меҳмонлар ҳам бор эди.

Лондон полицияси хабарига кўра, чемпионликни нишонлаш учун бир ярим миллион киши кўчаларга чиққан. Бу эса Англия тарихидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Фанатлар шу куни клуб байроқлари, шарфлари ва плакатлар билан Лондонни қизил рангга буркашди.

Улар 22 йил кутилган чемпионликни нишонлаш билан бирга бир кун олдин финалда мағлуб бўлган футболчиларга, жумладан, ҳал қилувчи пеналтини аниқ ижро эта олмаган Габриэл Магаляйнсга далда беришга ҳам ҳаракат қилишди.