Таҳририятимизга Марғилон шаҳар Янги Марғилон шаҳарчаси “Наврўз” МФЙда янги қурилган кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар номидан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Фарғона минтақавий филиали ҳамда “Klyon Klipper Stroy” МЧЖ билан кўп қаватли уй қуриш бўйича шартнома имзоланган. МЧЖ банкка кредит тўловини ўз вақтида қайтармагандан сўнг “Қўчқор ота оиласи” МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган. Сотилишидан аввал янги хонадонлар марказий канализация тармоғига улангани, “дом” учун алоҳида трансформатор тортилгани айтилган. Кўчиб келган аҳоли бирин-кетин муаммолар гирдобига тушишган. Қурувчи ташкилот уйнинг шундоқ ёнига чуқур қазиб канализация сувини “яма”га тўғрилаб қўйган. 60 та хонадоннинг ярмига ёш оилалар кўчиб келган. Ачинарлиси, кунлар исиб, тўлай деб қолган чуқурдан бадбўй хид атрофга анқияпти.

Ҳудуддан марказий канализация тармоғи ўтган. Бироқ кўп қаватли уй мазкур тармоқдан пастликда жойлашиб қолгани сабаб унга уланишнинг имкони йўқ.

Аҳоли мазкур масалада ёрдам сўраб кўплаб масъулларга мурожаат қилган. Лекин натижа бўлмаган. Аввалига муаммони ҳал қилиб беришга ваъда берган қурувчи кейинчалик ўз қурилиш фирмасини хитойлик тадбиркорга сотиб юборганини айтиб, телефон гўшагини кўтармай қўйган.

Кўп қаватли уйдан икки хонадон сотиб олган Ҳотамжон Мусинов бадбўй ҳидга чидай олмай, оиласи бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлганини айтади.

Ҳотамжон Мусинов, маҳалла фаоли

“Ўтган йилнинг окятбр ойида ўғлимга шу “дом”дан уй олиб бердим. Уйни сотиб олишда муаммо йўқдек кўринди. Қиш фаслида неваралар билан уйга кўчиб келдик. Кейин билсак, икки кўп қаватли уйнинг канализация тармоғи шаҳарнинг марказий йўналишига эмас, балки уйимизнинг яқинига қазилган “яма”га тўғриланган экан.

Ҳозирда чуқурлик тўлай деб қолган. Ачинарлиси, уйимизгача ҳиди чиқиб турибди. Бадбўй ҳидга чидай олмай 9 неварам билан кўчиб кетдик. Қурувчига ҳолат бўйича тушунтириш беришини талаб қилсак, чуқур вақтинча экани, тармоқни марказий канализация йўлига улаб беришини ваъда қилди. Лекин ўзи қочиб юрибди. Телефонини ҳам кўтармай қўйган. Масала юзасидан вилоят ҳокими, шаҳар прокурорига мурожаат қилдик, афсуски, натижа бўлмади.