Шу пайтга қадар биз бу мавзуга бир неча бор мурожаат қилганмиз, лекин ҳали яйловлар бошқаруви ва ҳолатини яхшилаш, ўзгартириш борасида аниқ иш қилингани сезилмаётгандек.

Сайт мухбири яна бир бор мавзуга қайтди ва соҳа муаммоларини олимлар иштирокида муҳокама қилди.

 

— Усмон ака, Баҳром ака, олим сифатида бугун Ўзбекистонда чорва учун яйлов етишмаётгани, мавжуд яйловлар деградацияси эса кучайиб кетаётгани муаммосининг сабабларини нималарда кўрасизлар? Умуман, таҳлил қилсак, бу йўналиш қаёқдан келиб қаёққа кетяпти ўзи?

Усмон Норқулов:

— Яйловлар жуда катта муаммога дуч келяпти. Республикамизнинг 51 фоизи табиий яйловлар ҳисобланади. Булар: тоғ, тоғолди, адирлик, текислик ва соҳил яйловлари. 55-60 йил олдин унумдорлик анча юқори бўлган. Олимларнинг кузатуви шуни кўрсатадики, ўша пайтларда 1 гектар табиий яйловдан камида 10-15 центнер масса олинган ва чорва моллари бемалол тўйиб озиқланган.

Лекин кейинги 50 йил ичида яйловларда инқироз кучайди. Бундан ташқари, қурғоқчилик, гармсел, атмосфера ёғинларининг камайиши — иқлим ўзгариши таъсирида яйловлардаги ўсимлик дунёсига жиддий зарар ета бошлади. 1700 турдаги ўсимликлар бўлган яйловларимизда, ҳозир эса шулардан 200 турдагиси умуман йўқолиб кетган, баъзилари ўта камайиб кетган.

Нима учун бу даражага келиб қолди, деган масала кўтариляпти. Бунинг асосий сабабларини иккига бўлиб ўрганганмиз. Биринчиси, табиий омиллар таъсири, яъни иқлим ўзгаришлари. Бу омил сабаб жуда мураккаб вазият вужудга келяпти. 12 йиллик кичик циклнинг 7-8 йили қурғоқчил бўляпти. Бу эса ўз навбатида яйловларнинг ҳолатига, ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатяпти. Иккинчиси, иқлим ўзгариши натижасида тупроқ эрозияси (сув ёки шамол орқали тупроқнинг устки қатлами емирилиши) ниҳоятда кучайганлиги. Тупроқнинг унумдор қатламининг емирилиши натижасида миллионлаб тонна озуқа моддалари ҳам емирилиб кетяпти.

Усмон Норқулов

Атмосфера ёғинлари бўляпти, лекин уларнинг ёғиш муддати интенсивлигида катта фарқ пайдо бўлган. Масалан, ҳозир ёмғир секин узоқ вақт ерга сингдириб ёғмайди, бирдан кучли жала бўлади ва пастликларга оқиб кетади. Шамоллар ҳам кучайган. Шамол натижасида нафақат қурғоқчилик, балки чанг-тўзонлар ҳам вужудга келяпти, тузлар бир жойдан иккинчи жойга учиб боряпти. Буларнинг ҳаммаси ўсимликлар дунёсига таъсир ўтказяпти.