Ўзбекистон | 10:11 / 04.05.2023
10805
3 дақиқада ўқилади

Давлат чегарасидан ўтувчи ноқонуний ерости йўли қазиган фуқароларга суд ҳукми ўқилди

2022 йилнинг 23 июнь куни Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан ўтувчи яширин ерости йўли фош этилди. 

Видеодан кадр

Дастлаб, маҳаллий фуқаро бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 7 млрд 603 млн 650 минг сўмни ташкил қилувчи, 38 турдаги 2707 дона мобил телефон аппаратлари борлиги аниқланди.

Сўнгра у вақтинча яшаб келаётган Риштон туманидаги хонадонда Қирғизистон ҳудудига олиб ўтувчи 10 метр пастликда, баландлиги 2 метр, кенглиги 1,2 метр, узунлиги 128 метр бўлган, тушиб-чиқиш учун лифт билан жиҳозланган ерости йўли борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Данғара туманида яшовчи ушбу шахс ўзбек-қирғиз давлат чегараолди ҳудудида жойлашган ҳовли уйлардан сотиб олиб, уларнинг кўча томон қисмларини баланд деворлар билан тўсган ва жиноий ҳаракатларини маскировка қилиш мақсадида ҳар иккала уйда, яъни Қирғизистон ҳудудидан сотиб олган хонадонда пена-блок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, Ўзбекистон ҳудудидан сотиб олган уйда эса чорвачилик ташкил этган.

Сўнгра Данғара туманида истиқомат қилувчи, 1984-1993 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар фуқарони ерости йўли қазишга ёллаган.

Ерости йўли қуриб битказилганидан кейин, у орқали Қирғизистондан ноқонуний тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини, хусусан, мобиль телефон аппаратлар, матолар, тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини мамлакатга, Ўзбекистондан эса кўп миқдордаги хорижий валюта қимматликларини қўшни давлатга ўтказиш билан шуғулланган.

Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ҳукми билан мазкур шахслар Жиноят Кодексининг 182- ва 223-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг 3 нафарига 6 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси, қолган 3 нафарига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида олинган 7 млрд 603 млн 650 минг сўмга баҳоланган 2707 дона мобил телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Риштон тумани "Қози Аҳрор" МФЙ, А.Темур 3-тор кўчасида жойлашган умумий ер майдони 1524 м2 бўлган уй давлат эгалигига ўтказилиши ва ушбу уйдаги ерости йўли тегишли тартибда кўмиб ташланиши белгиланди.

Мавзуга оид