Кремлга ҳужум Украинага нега керак бўлиши мумкин? Бу Россиянинг провокацияси эмасми?
Сиёсатшунос Кирилл Шамиев асосий версияларни муҳокама қилди.
3 майга ўтар кечаси Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига иккита дрон ҳужум қилди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, президент ўша пайтда Кремлда бўлмаган. Ҳужумни айнан ким уюштиргани номаълум. Россия расмийлари Украинани айбламоқда. Киевдагилар «Москвага ҳам, Путинга ҳам» ҳужум қилмаганини айтмоқда ва бу Россиянинг провокацияси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Meduza бу назариялар ҳақида сиёсатшунос, фуқаролик-ҳарбий муносабатлар бўйича тадқиқотчи ва Европа ташқи ишлар кенгашининг таклиф қилинган тадқиқотчиси Кирилл Шамиев билан суҳбатлашди.
— Сизнингча, Россия расмийларининг Украина Кремлга ҳужум қилгани ҳақидаги версияси қанчалик асосли?
— Менимча, бу кўп сабабларга кўра мантиқий. Келинг, бу Даря Дугина ва Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши мантиғига тўғри келишидан бошлайлик. Бу ҳеч қандай ҳарбий ва ҳаттоки, бевосита маъмурий аҳамиятга эга бўлмаган жуда рамзий нишонларга ҳужум. Булар президент маъмуриятининг баъзи амалдорлари эмас, «Первый канал» тарғиботчилари эмас, балки Z-ватанпарвар рус жамоатчилиги учун мафкуравий жиҳатдан жуда муҳим одамлар.
Менимча, Украина сиёсий раҳбарияти имкон қадар Россиядаги ички сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир оммага эълон қилинган Қримнинг озод этилиши катта вазифадир. Агар Кремлдаги сиёсий ҳокимият ҳозиргидек қаттиққўл бўлиб қолса, бу ҳудудларни ҳарбий йўл билан қайтариш жуда қийин бўлади.
[Аммо] Россияда [уруш бошланганидан кейин] ким қолди? Кўпчилиги – ҳамма нарсадан норози Z-жамоат вакиллари, бошқалари эса давлат томонидан босим остида қолганлар. Қотилликлар ҳам, рамзий ҳужумлар ҳам [урушни қўллаб-қувватловчиларнинг] яна бир ғазаби. Владимир Путин мағлуб бўлаётганининг яна бир белгиси. Бу — Кремлни қўриқлаётган ФСО учун ҳам, Владимир Путин учун ҳам шармандалик.
Иккинчи нуқта – Украинанинг реакцияси. Улар ҳеч қачон масъулиятни тўғридан тўғри ўз зиммасига олмайди, аммо [Украина расмийларининг] ОАВдаги изоҳларидан реакция мувофиқлаштирилгани аниқ.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда биз [Россияда] темирйўл инфратузилмасига бир неча ҳужумларни, электр инфратузилмасига муваффақиятсиз ҳужумларни кўрдик. Шунингдек, Қримдаги ҳарбий техника учун ёнилғи етказиб берувчи нефт омборига дрон ҳужуми содир этилди. Менимча, [Украина армиясининг] қарши ҳужуми аллақачон бошланган. Буни шаклланиш босқичи деб аташ мумкин.
[Бу] ҳужумлар нафақат фронт учун муҳим бўлган инфратузилмага, балки Россиянинг чуқур ичкари ҳудудларига ҳам амалга оширилмоқда. Улар Кремлни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир қисмини ичкарига йўналтиришга мажбур қилади ва шу билан фронтда ушбу тизимларни камайтиради. Россия расмийларининг паранойяси, (Кремл каби) рамзий нишон ҳисобга олинса, биз Москвада яна ҳам кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари пайдо бўлишини кутишимиз мумкин. Бу нима дегани? Бу уларнинг фронтда камайишини англатади, Украина айнан шунга эришмоқчи.
— Кремл узра тутун тасвирланган илк видеолар тунда пайдо бўлгани, аммо ҳужум ҳақида фақат кундузи кенг хабар тарқалгани сизда бу версияга шубҳа пайдо қилмайдими?
— Бу далил биринчи фаразимга нисбатан шубҳа пайдо қилади, лекин уни рад қилиш учун етарли эмас. Ишончим дастлабки 70 фоиздан 65 фоизгача тушиб кетганини айта оламан. Янги маълумотлар пайдо бўлса, фаразимни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.
— Бу вазиятда Кремл учун қандайдир фойда кўряпсизми? У русларни «бирлаштириши» мумкинми? Ёки Украинанинг бўлажак ҳужумларини асослайдими? Ёки қарши ҳужумдан олдин маълумот майдонини тайёрлаяптими?
— Менда ҳеч қандай маълумот йўқ, лекин Кремлга шундай ҳужум уюштирилгандек... Яна Владимир Путин 2022 йил 21 феврал куни Хавфсизлик Кенгаши билан учрашув ўтказган Сенат саройига. Бу ҳужум, менимча, одамларни кўпроқ қўрқитади: Москва ва Кремл хавфсиз эмас, нимадир нотўғри кетмоқда.
Бу одамларни бирлаштира оладими? Бирлашиш механизми менга тушунарли эмас. Кейинги митингни қаерда ўтказиш керак? Давлат ресурслари ҳамма нарсани назорат қилади. Ким рози бўлмаса, қатағон қилинади.
— Аммо бу, масалан, расмийларнинг «фашистик Украина, НАТО ва бутун дунё» билан кураш кетаётгани ҳақида яна бир эслатмаси бўлиши мумкинми — ва электрон чақирув қоғозлари ҳақида қайғурмай, бирлашиб, урушга отланиш лозимлигига ишорами?
— Кеча ва бугун [2 ва 3 май] «Госуслуги» одамларга 2014 йилда Одессадаги Касаба уюшмалари уйида содир бўлган ёнғинни эслатувчи хатлар юборди. Бу каби нарсалар инсоний даражада бирлашишга ёрдам беради («даҳшатли жиноят», «кўпчилик ҳалок бўлди», «даҳшатли ўлим»). Бу шунингдек, Кремлнинг «фашистик» Украина ҳақидаги риторикасини кучайтиради. Баъзи одамлар орасида нафрат даражаси ошиб боради.
Аммо Кремлга ҳужум... Бу Россия рамзлари нуқтайи назаридан муҳим бўлган инфратузилма объекти. Мен бундай қийматга эга бўлишига ишончим комил эмас.
— Қўшимча қиламанки, ҳозирда ташвиқот ҳужумни «президентга суиқасдга уриниш»дек тасвирламоқда.
— Албатта, бу ватанпарвар жамоатчилик учун муҳим. Бундан ташқари, бу эҳтимолий жавоб зарбасини қонунийлаштиришдир. Чунки қандайдир жавоб бериш керак бўлади. Эҳтимол, яна бир бор Украина шаҳарларига ракета зарбалари билан (рамзий нуқтайи назардан).
Бундан ташқари, бу халқаро аудитория учун ҳам муҳим – шахсан президентга ҳужум қилишга уриниш. Бу ҳамма учун аргумент бўлмайди, лекин чет элдаги жамоатчиликнинг бир қисми учун иш бериши мумкин.
Нега мен учун бу версияни (ҳужумни россияликларни бирлаштириш учун Кремлнинг ўзи уюштирган) тан олиш бироз қийин? Агар президентни қўллаб-қувватлаш даражаси юқори бўлганда, шунингдек, мамлакатда репрессиялар бўлмаганида буни тушунардим. Аммо қатағонлар шароитида, бу қўллаб-қувватлаш қанчалик фаол эканини айтиш қийин: «Мен бошимда таёқ синишини истамайман», «Мен ишсиз қолишни истамайман» ва «Бизга ҳужум қилишди, президент атрофида бирлашишимиз керак». Бу мафкура, харизма ва сайлов жараёнларига асосланган ҳақиқий қўллаб-қувватлашдан кўра электорал қўллаб-қувватлашнинг бошқача тури.
— Ғарб бу ҳужумга қандай муносабатда бўлиши мумкин?
— Ғарб бундай зарбалардан жуда эҳтиёт бўлади ва қўллаб-қувватламайди. Россиядан қанчалик узоқда яшасалар, муҳим объектларга ҳужум қилишни шунчалик ёқтирмайдилар. Чунки агар қуюшқондан чиқиб кетилса, Путин ҳаммани ядровий қурол билан бомбалай бошлайди деган назария у ерда ҳамон тирик.
Шарқий Европа мамлакатлари бунга мутлақо қўшилмайди. Масалан, Болтиқбўйи мамлакатларида, Полшада. Уларнинг позицияси шуки, Путин ҳамон хавфли ва унга босим ўтказиш керак. Ўйлайманки, улар Украинадаги уруш билан боғлиқ бўлса, ҳар қандай мақсадлар қонуний эканини таъкидлаб, Украина расмийларини қўллаб-қувватлаши мумкин.
— Яна бир эскалация босқичини кутиш мумкинми? Ва бундан кейин нимани кутиш керак?
— Тўғрисини айтсам, эскалация қайси йўналишда бўлишини билмайман. Бир томондан, Россия аллақачон эскалацияни кучайтириб бўлди. Бошқа томондан, энди техник имкониятлар чекланган. Техникалар йўқотилди, ўқ-дорилар етишмаслиги. Ракета ҳужумлари интенсивлиги ва сифати пасайганини ҳам кўриш мумкин.
Ядро инфратузилмасига ҳужумлар, ҳа, бу – эскалация. Аммо бу урушнинг янги босқичга ўтиши. Менимча, агар ядровий қурол ишлатилса, АҚШ қандайдир тарзда табуни бузгани учун Кремлдан ўч олади.
— Афтидан, бу ҳужум қандайдир музокаралар ҳақида гапиришни имконсиз қилади. Шундайми? Музокараларга рози бўлмаган ҳарбийларнинг маълум бир гуруҳи бунинг ортида туриши мумкин деб тахмин қилиш мумкинми?
— Украина узоқ вақтдан бери Путин билан музокаралар бўлмаслигини айтиб келади. Шунинг учун, бу ердаги ҳужум ҳеч қандай тарзда уларнинг позициясини ўзгартирмайди.
Россияга келсак, бу урушнинг аниқ белгиланган мақсадлари йўқ. Бу заиф ва кучли нуқта. Бир томондан, аниқ белгиланган мақсадларга эришиш қийин, бошқа томондан, ҳар қандай нисбий мағлубиятни ғалаба сифатида кўрсатиш мумкин. Мақсадлар аниқ бўлмаса, мулоқот учун майдон кенгроқ.
Россия армиясини ўрганиш бўйича тажрибамга кўра, ҳарбий раҳбарият биринчилардан бўлиб урушни тугатиш тарафдори бўлади. Катта харажатлар, техника ва таркибдаги катта йўқотишлар. Кўплаб муаммолар пайдо бўлган. Шунингдек, аллақачон пайдо бўлган тадқиқотларга кўра, Россия ҳарбий раҳбарияти «махсус ҳарбий операция» бошланишига унчалик рози бўлмаган. Бунинг эҳтимоли бор.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024