Ҳар бир кишининг ёшликдан орзу қилган касби, ҳунари бўлади. Ўша орзуга имкон етгани қадар интилади. Кимдадир бу орзу ушалади, кимдадир йўқ. Болаларда эса ушбу орзунинг ушалишига ишонч юқори бўлади. Чунки уларга танлаган касбининг жамиятдаги мавқейи қандай, келтирадиган даромади қанча, машаққати қай даражадалигининг қизиғи йўқ.
Катта бўлгач секин-аста фикрлар ўзгаради. Орзуларнинг чегараси бора-бора моддиятга, манфаатга тақала бошлайди. Бола энди атрофидагилари билан ҳам ҳисоблашади. Турли сабаблар турткиси билан келажакда ким бўлишини ақлан танлай бошлайди. Ҳислар чекинади. Айрим жасоратлиларгина ҳеч нарсага қарамай қизиққан соҳасининг этагидан ушлаб кетади. Қалбга қулоқ солиш жудаям муҳим.
Ҳар инсон жавҳарига ёзиб қўйилган миссияси бўлади. Кўплар бу миссиядан чалғиб кетади. Бажариши керак бўлган вазифаси қолиб, бошқа ишларда тентираб юради. Айримлар бўлса, жавҳаридаги ёзиқни кеч бўлса-да англайди ва у бўйича ҳаракатлана бошлайди. Ëзувчи Сомерсет Моэмнинг “Ой ва сариқ чақа” асари бош қаҳрамони Стрикленд ҳам зиммасига юкланган вазифани кеч тушуниб етади ва кеч бўлса-да, ўз мақсадига етишади.
Инглиз адиби Уильям Сомерсет Моэм номи адабиёт ихлосмандларига таниш. Ёшлигидан илм олишга қизиққан, ўқиб-ўрганиб, шифокор бўлган ижодкор адабиёт оламига кириб келгач, ўз касбини ташлайди, бор куч-ғайратини ижодга бағишлайди. Бирин-кетин чоп этилган асарлари унга шуҳрат келтира бошлайди. Ёзувчининг ўзи эътироф этганидай, “Ой ва сариқ чақа” романи ҳақиқатан ҳам унинг шоҳ асарларидан бири бўлиб, асар муаллифи ўткир нигоҳи орқали кўз ўнгида содир бўлган ҳаётий воқеликни бадиий талқинда очиб берган. Шу билан бирга, воқеа ичида воқеанинг ривожланиб бориши, асар қаҳрамони Чарльз Стрикленднинг қирқ ёшидан кейин рассомликка муккасидан кетиши, у ва унинг дўстлари атрофида кечган инсоний муносабатлар, мўйқалам соҳибининг фожиавий қисмати ўқувчини чуқур фалсафий мушоҳадага ундайди, ҳаёт ҳақидаги тасаввурини бойитади.
Сюжет:
Асар Гаген исмли рассом ҳаётидан олинган бўлиб, бир ёзувчи йигит тилидан ҳикоя қилинади. У тасодифан Лондоннинг киборлар жамияти ичига кириб қолади ва улар орасидаги адабий муҳит билан, қолаверса, Стриклендлар хонадони билан танишади. Бу хонадонга ёзувчилар, санъаткорлар, адабиёт ва санъатга қизиқувчилар тез-тез ташриф буюриб туришарди. Ёзувчи йигит ҳам бундай йиғинларга қатнай бошлайди. Аммо бир куни уни ғаройиб бир ҳодиса ҳайратлантириб қўяди. Рисоладагидек оила раҳбари, икки фарзанднинг отаси, биржа даллоли бўлмиш Чарлз Стрикленд оиласини ташлаб, Парижга кетиб қолганди. Бутун шаҳарда унинг маъшуқаси билан кетиб қолганлиги ҳақида миш-миш тарқайди.
Оила бу воқеадан довдираб қолади, айниқса, Стрикленд хоним ўзини таҳқирлангандек ҳис қилади. Қолаверса, аёл боши билан рўзғорни қандай тебратишни ўйлаб сиқилади.














