Ўзбекистон | 11:35 / 05.05.2023
17633
2 дақиқада ўқилади

Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурорлардан судга ўтказилади

Фото: Kun.uz

“Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Уларга мувофиқ қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:

  • тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш тўғрисида судга илтимоснома прокурор томонидан киритиши;
  • тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
  • суд томонидан тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш тўғрисидаги материалларни, шунингдек ушбу тоифадаги материалларни апелляция тартибидаги иш юритишда кўриб чиқиш;
  • тайинланган эҳтиёт чорасини жиноят натижасида етказилган зиён (зарар) ёки унинг қопланмаган қисми миқдоридан ошиқ бўлиши шарти билан гаров эҳтиёт чорасига ўзгартириш.

Ҳужжатда қайд этилишича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали:

  • фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг самарали механизми яратилади;
  • миллий қонунчиликда “Хабеас корпус” институтининг таъсир доираси кенгайтирилади ва тергов устидан суд назорати кучайтирилади;
  • Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга, шу жумладан Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Жиноий одил судлов таркибий индикаторларидаги мавқейини яхшилашга эришилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид