Жаҳон | 13:36 / 06.05.2023
30023
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева Фузулийда Ўзбекистон томонидан қуриб берилган мактаб билан танишди

5 май куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева президент Шавкат Мирзиёев топшириғи бўйича Ўзбекистон томонидан беғараз асосда қуриб берилган, Фузулий шаҳридаги 960 ўринли мактаб биносидаги қурилиш ишларининг бориши билан танишди.

Фото: Facebook / Ilham Aliyev

Хабарда айтилишича, Озарбойжон президенти ва биринчи хонимига қурилиш ишларининг бориши ҳақида маълумот берилди.

Ўтган йили бошланган қурилиш ишларини жорий йилнинг декабрь ойида якунлаш режалаштирилгани маълум қилинди. Уч гектар майдонда қурилган мактаб биноси икки қават ва ертўладан иборат. Мактабда 40 та ўқув хонаси, 6 та лаборатория, 2 та компьютер хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар зали, спорт зали, ошхона, кутубхона ташкил этилади. 

Мактаб ҳудудида футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш жойлари, югуриш йўлаклари, назорат пункти, қозонхона, трансформатор подстанцияси қурилади. Қурилиш ишлари сифатли амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Озарбойжон вақт синовидан ўтган яқин дўст ва ишончли стратегик ҳамкор» деган сўзларини тасдиқловчи ушбу мактабнинг қурилиши икки қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканлигидан далолат беради. 

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам Ўзбекистоннинг Фузулий шаҳрида катта мактаб қуриш ташаббусини мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик ва қардошликнинг навбатдаги қадами сифатида баҳолади.

Мавзуга оид