Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Украина халқига ўз ҳудудлари оккупация қилинишига ҳеч қачон рози бўлмасликни маслаҳат берди. Шушадаги медиафорумда украиналик журналист Дмитрий Гордон ундан Украинага ҳамда Путинга қандай маслаҳатлар бериши ҳақида сўраган.
«Украин халқи ҳам, Украина ҳукумати ҳам менинг маслаҳатимга муҳтож эмас, деб ўйлайман. Аммо мен яна бир бор такрорламоқчиман: ҳеч қачон оккупацияга рози бўлманг. Ва Украина ҳам шундай қилмоқда. У оккупацияга рози эмас.
Йил давомида мураккаб паллалар бўлди, маълум доираларнинг оккупацияни мустаҳкамлашга қаратилган босимига гувоҳ бўлдик, бу ҳақда эшитдик. Аммо Украина халқи ҳам, унинг раҳбарлари ҳам бунга рози бўлмади», – деган Алиев.
Шундан кейин у саволнинг иккинчи қисмига ўтган.
«Қарши томонга маслаҳат беришга келсак, мендан сўрашса, албатта, маслаҳат бераман. Аммо ҳозир, ўйлайманки, сизнинг саволингиз доирасида бундай маслаҳат бериш унчалик тўғри бўлмайди.
Лекин вазиятни ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш истиқболлари бўйича муносабатимга келсак, менимча, у сизникидан унчалик фарқ қилмайди. Ўйлайманки, аллақачон бу уруш тўхтатилиши кераклигини тушуниш керак эди... Бу Озарбайжоннинг позицияси, менинг позициям, соф инсоний позициям. Оккупация қилинган ва оккупациядан озод бўлган мамлакатни бошқарган ва бошқараётган одамнинг позицияси. Менимча, бундай тажриба тарихда жуда кам учрайди, чунки бу тажрибада ҳам оккупация, ҳам қўпол қилиб айтганда, Қорабоғни беришга рози бўлишга мажбурлашга уриниш бор.
...лекин бу мақсадга эришилмади, чунки халқ иродасини синдириб бўлмайди. Мустақилликка, ўзлигини сақлаб қолишга интилаётган халқни енгиб бўлмайди, қул қилиб бўлмайди, мажбурлаб бўлмайди. Бугунги кунда ҳам ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш тарафдори бўлганлар бу тушунчани англаб етиши керак», – деган Алиев.
У Озарбойжон доим Украинанинг ҳудудий яхлитлигини, унинг суверенитетини, чегараларининг дахлсизлигини қўллаб-қувватлагани, бу позиция ҳозир ҳам ўзгармагани ва бундан кейин ҳам ўзгармаслигини таъкидлаган.
«Президент Зеленскийнинг позицияси менга маълум, апрел ойидаги ташриф вақтида биз у билан бу мавзуда батафсил суҳбатлашдик. Унинг позицияси – ҳарбий ҳаракатларни тўқнашув чизиғида дарҳол тўхтатиш. Бу таклиф қай даражада долзарб эканини билмайман, лекин ҳар ҳолда у позициясини ўзгартирганини айтмаган.


















