Жаҳон | 11:02 / 06.05.2023
9226
2 дақиқада ўқилади

Украина учун ўқ-дорилар: ЕИ кенгаши қўшма харидларни маъқуллади

Европа Иттифоқи давлатлари Украина Қуролли кучлари учун биргаликда снарядлар ва ракеталарни сотиб олишни расман бошлашлари мумкин: ЕИ Кенгаши бу мақсадлар учун Европа тинчлик жамғармасидан 1 миллиард евро ажратишни маъқуллади.

Фото: Getty Images

Украина учун биргаликда ўқ-дорилар сотиб олиш ва Европа давлатлари армиялари захираларини 1 миллиард еврога тўлдириш қарори 5 май, жума куни Европа Иттифоқи кенгаши томонидан маъқулланди. Маблағлар Европа тинчлик жамғармасидан (ЕТЖ) "Украина Қуролли кучларини 155 мм артиллерия снарядлари ва керак бўлганда, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Европа мудофаа саноатидан биргаликда сотиб оладиган ракеталар билан таъминлаш" учун ажратилади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида айтилади.

Европа Иттифоқи ушбу дастур доирасида артиллерия снарядлари ва ракеталарни фақат Европа Иттифоқи ва Норвегиядаги компаниялардан харид қилиш керак, деган қарорга келди. Ўқ-дорилар тўлиқ Европа Иттифоқи ва Норвегияда ишлаб чиқарилган бўлиши ёки хорижий хомашё ва бутловчи қисмлар бўлса, унда Европа Иттифоқи ёки Норвегияда якуний йиғилиши керак.

Харид шартномалари ёки харид буюртмалари 2023 йил 30 сентябргача Европа мудофаа агентлиги (EDA) орқали ёки ҳар қандай Европа Иттифоқи давлати бошчилигидаги қўшма харид лойиҳалари орқали топширилиши керак.

Шу тариқа, Украинага ўқ-дориларни шошилинч етказиб бериш ва ЕИга аъзо давлатларнинг ўз захираларини тўлдириш режаси иккинчи қисми тасдиқланди. Аввалроқ, қўшма харидларни тасдиқлаш Франция томонидан тўсиб қўйилганди, у ўқ-дориларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг барча занжирлари Европа бўлишини таъкидлаган. Мисол учун, агар ишлаб чиқариш Европа Иттифоқи давлатларидан бирида жойлашган бўлса ва порох Жанубий Кореяда чиқарилган бўлса, Париж буни номақбул деб ҳисоблаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид