Ўзбекистон | 11:27 / 08.05.2023
7000
2 дақиқада ўқилади

«Энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Конституция лойиҳаси муҳокамаларида миллионлаб юртдошлар фаол иштирок этгани таъкидланди. Янгиланган Конституциянинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асослар борлиги қайд этилди.

«Буларнинг барчаси – миллати, тили ва динидан қатъи назар ҳар бир юртдошимиз “қилса бўлар экан-ку”, деб ўз рўзғори, оиласи мисолида юртимизда юз бераётган катта ўзгаришларни яққол сезаётганидан далолат эмасми?

Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этдилар.

Шу нуқтайи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз!» - деди давлат раҳбари.

Албатта, халқимизнинг референдумдаги овози, билдирган юксак ишончи барчамизга катта масъулият юклаши, эл-юртимизни рози қилиш учун бизни янги марраларга ундаши, ислоҳотларни жадал давом эттиришда янада катта куч-ғайрат ва илҳом бағишлаши таъкидланди.

«Ўзининг юксак фуқаролик бурчини чин дилдан адо этиб, Асосий қонунимизни қабул қилишда амалий таклиф ва ташаббуслари, ғоя ва фикрлари билан фаол иштирок этган кўп миллатли, мард ва олижаноб халқимизга таъзим қиламан», - деди президент.

Мавзуга оид