– Кўпчиликни бир савол қизиқтиради: қандай қилиб Ражаб Тоййиб Эрдўған шунча йиллар давомида легитимликни сақлаган ҳолда ҳокимият тепасида қолмоқда ва яна сайловларда ўз номзодини илгари сурмоқда?
— Туркиядаги сайловларда рақобат жуда кучли бўлади. Бюллетенларни сохталаштириш каби ҳолатлар бўлмайди. Тўғри, баъзан шундай иддаолар бўлиб туради, лекин мухолифат бунга йўл қўймаслик учун қаттиқ туради. Яъни кимнингдир сайловда сохта ғалаба қилгани тўғрисидаги гаплар асоссиз. 2017 йилдаги сайловда Эрдўған 52 фоиздан кўпроқ овоз олиб, ғолиб бўлганди. Олдин Туркияда президентларни парламент сайлар эди. 2017 йилда референдум бўлиб, парламентар бошқарувдан президент бошқарувига ўтилди. Мана шу омил ҳам Эрдўғаннинг кўпроқ президент бўлиб қолишига сабаб бўлди. Агар Эрдўған бу йил ҳам президентликка сайланса, унинг учун учинчи эмас, иккинчи муддат – яъни охиргиси бўлади, чунки биринчи муддатида уни парламент сайлаганди.
Эрдўған бошчилик қилаётган «Адолат ва тараққиёт» партиясининг шунча вақтдан бери ҳокимият тепасида қолаётганига сабаб, назаримда, сиёсий мухолифатнинг муваффақиятсизлиги. Демак, мухолифат партия халқни ишонтира олмаган. Бу ердаги энг йирик мухолифат партия Республика Халқ партияси, унинг етакчиси эса Камол Қиличдорўғли.
– Умуман, Туркиядаги сайлов жараёнлари, аҳолининг уларга қизиқиши, давомат, сайловолди ваъдалар ҳақида маълумот берсангиз.
— Туркияликлар жуда сиёсий фаол халқ ҳисобланади ва сайловларда ҳар бир овоз учун жиддий курашилади. Ҳамма жойда сиёсат ҳақида гапиришади. Ва албатта, сайловларга жиддий қарашади. Туркияда 6 та мухолифат партиядан иборат коалиция бор. Улар ҳар хил ваъдалар беришяпти. Масалан, Туркия фуқароларининг Европа Иттифоқи давлатларига визасиз боришини йўлга қўйишмоқчи. Икки йил ичида қарийб 4 млн бўлган суриялик қочқинларни уйларига қайтаришни ваъда қилишяпти. Кейин, чет элликларга уй сотишни 5 йилга тўхтатиш ваъдаси ҳам бор, чунки турар жой, ижара нархлари жуда ошиб кетган ҳозир. Лекин барибир Камол Қиличдорўғлида сиёсатдонларга хос харизма етишмайди, менимча. Ёши ҳам ўтиб қолган анча, 74 ёшда ҳозир.
Амалдаги ҳукумат ҳам турли лойиҳалар тақдим этяпти. Эришилган ютуқларни кўрсатяпти. Хусусан, мудофаа тизимидаги янгиликлар, электромобиллар, Қора денгиздаги газ аҳолига етказилаётгани. Бундан ташқари, энг катта ваъдалардан бири — иқтисодий ислоҳотлар. Аммо бу ислоҳотлар қай даражада самара беради, вақт кўрсатади.
– Туркияда фуқаролик олган ўзбеклар орасида сайловга қизиқиш қай даражада? Фикрингизча, улар кимни кўпроқ ёқлашади?
— Тўғриси, фуқаролик олган ўзбекларни у даражада кўп танимайман. Лекин ижтимоий тармоқларда кузатишимча, ўзбеклар кўпроқ Эрдўғанни ёқлаяпти. Чунки улар Эрдўғандан бошқа сиёсатчиларни деярли танишмайди, сиёсий жараёнларга туркларнинг ўзичалик қизиқишмайди.


















