Ўзбекистон | 20:49 / 08.05.2023
11331
3 дақиқада ўқилади

Янги конституцияга шарҳ ёзишни ҚҲСИ мувофиқлаштиради

Конституциянинг моддама-модда илмий-амалий шарҳини тайёрлаш бўйича таҳрир кенгашига президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори Мир-Акбар Раҳмонқулов раислик қилади. Шунингдек, янги конституцияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси тузилди.

Фото: Kun.uz

Янги таҳрирдаги конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг “биринчи навбатдаги устувор вазифаси” этиб белгиланди. Бу – янги конституция талабларини рўёбга чиқаришга доир президент президент фармонида ёзиб қўйилди.

Фармонга биноан:

  • янги таҳрирдаги конституция олий юридик кучга эга эканидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан тўғри ва сўзсиз қўлланилади;
  • янги таҳрирдаги конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмагани важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Ҳужжатга асосан, янги таҳрирдаги конституциянинг моддама-модда илмий-амалий шарҳини тайёрлаш бўйича таҳрир кенгаши тузилди.

Кенгашнинг ишчи органи – президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бўлади. Институт раиси Мир-Акбар Раҳмонқулов кенгашга раислик қилади.

Шарҳнинг матни тушунарли ва содда тилда бўлиши талаб этилади. Шарҳ матни, миллий ва хорижий экспертлар, ҳуқуқшунослар ва давлат арбобларини жалб этган ҳолда, 2023 йил 1 декабргача қадар тайёрланиб, ўзбек ва хорижий тилларда чоп этилади.

Янги конституциянинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси тузилди.

Шунингдек, янги конституциядаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини изчил амалга ошириш бўйича экспертлик кенгашлари ҳам ташкил этилмоқда.

Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти янги таҳрирдаги конституцияни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлаш учун масъул этиб белгиланди.

2023/24 ўқув йили бошлангунига қадар барча таълим турлари ва босқичларидаги конституцияни ўрганиш бўйича ўқув режалари ва таълим дастурлари қайта кўриб чиқилиб, улар янги таҳрирдаги конституцияга мослаштирилади.

Давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларини янги таҳрирдаги конституция бўйича ўқитиш режаси бир ойда тасдиқланиши керак.

2023 йил 1 июнгача ўзбек ва хорижий тилларда “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.

Портал ва унинг мобил иловасида фуқаро ва тадбиркорлар учун қонунчиликни янги таҳрирдаги конституцияга мувофиқлаштириш ҳамда уни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар бериш имконияти бўлади.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид