Жаҳон | 23:12 / 08.05.2023
18117
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Россияга қарши янги санкциялар доирасида бир қатор технологияларни экспорт қилишни тақиқлаши мумкин 

Шунингдек, Хитой, БАА, Эрон, Арманистон ва Ўзбекистоннинг 35 та тузилмаси Россияга товарлар етказиб берилиши муносабати билан санкциялар рўйхатига киритилиши мумкин.  

Фото: Genya Savilov/AFP/Getty Images

Европа Иттифоқи маъмурияти Россияга қарши янги 11-санкция пакети доирасида айрим технологияларни экспорт қилишни ва маълум интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишни тақиқлашни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди. 

«Таклифлар санкция рўйхатига 70 га яқин шахс ва 30 га яқин компанияни киритиш, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича товарлар ва уларни ишлаб чиқариш лицензияларига нисбатан чекловларни кенгайтиришни ўз ичига олади», дейилади агентлик хабарида. 

Шунингдек, чекловлар оммавий ахборот воситалари, жумладан RT Balkan ва Россия разведка ҳамжамиятини муҳим технология ва дастурий таъминот билан таъминлай оладиган IT-компанияларига ҳам таъсир қилиши керак.  

Шунингдек, Европа Иттифоқи нефтни денгизда кемадан кемага қуйиш ва Европа Иттифоқи портларига кемаларнинг киришини тақиқлаш билан боғлиқ қоидаларни кескинлаштирмоқчи. 

Bloomberg аввалроқ ЕИ кўплаб товарларнинг Россия орқали транзитини тақиқлаш, транспондерларни ўчириб қўювчи кемаларга чекловлар, шунингдек, санкциялардан қочишга ёрдам берадиган учинчи давлатларга қарши қўлланилиши мумкин бўлган механизм ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, механизм тасдиқланса, ЕИ иккита рўйхат тузади – Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган учинчи давлатлар ва етказиб бериш тақиқланган товарлар. 

Ташаббуснинг дастлабки мақсади учинчи давлатларни Россияга ёрдам беришдан қайтаришдир. 

Бундан ташқари, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Арманистон ва Ўзбекистоннинг 35 та тузилмаси Россияга товарлар етказиб берилиши муносабати билан санкциялар рўйхатига киритилиши мумкин. 

Хабарда бу Ўзбекистоннинг қайси тузилмаси экани келтирилмаган. 

Душанба куни Европа Комиссияси (ЕК) матбуот котиби Эрик Мамер Европа Иттифоқи Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг 11-пакети бўйича таклифлар юборганини айтди. 

Мавзуга оид