Байден АҚШ давлат қарзи бўйича дефолтнинг олдини олиш чораларини кўриб чиқмоқда
Бунда Конституцияга киритилган 14-тузатишдан фойдаланиши мумкин.
АҚШ президенти Жо Байден Конституцияга киритилган 14-тузатишдан давлат қарзи чегарасини четлаб ўтиш учун фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ҳозир бу 31,4 триллион долларни ташкил қилади.
Давлат қарзи бўйича дефолтнинг олдини олиш учун ё юқори чегарани кўтариш ёки уни бекор қилиш керак. Аммо бу Конгресснинг розилигини талаб қилади, ҳозирча бунга эришилмаган. Республикачиларнинг кўпчилиги бунга рози эмас ва давлат қарзи миқдори қонун билан чекланган.
Ҳозир АҚШ Молия вазирлиги бюджет тўловларини солиқ тушумлари ва жамғарилган пуллар эвазига амалга оширмоқда. Бироқ, июнь ойига қадар улар тугайди. Шундан сўнг давлат қарз олишни давом эттириш имкониятига эга бўлмаса, барча тўловларни дефолт қилишга мажбур бўлади.
Қўшма Штатлар ўз тарихида ҳеч қачон давлат қарзи бўйича дефолт эълон қилмаган. Дунё жамғармаларининг 60 фоизи долларда сақланаётганлиги сабабли, бу ҳодиса, Молия вазири Жанет Йеллен айтганидек, «иқтисодий ва молиявий ҳалокатга» олиб келади. Шу билан бир қаторда, Жо Байден республикачиларни мамнун қилиш учун бюджетни секвестр этмаслигини айтган.
АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишнинг 4-бўлимида айтилишича, «Қўшма Штатларнинг қонун томонидан санкцияланган давлат қарзи <...> шубҳа остига олинмайди», шунинг учун қарзларни тўламаслик тақиқланади. Бунга таяниб, Молия вазирлиги қарз олишда давом этиши мумкин, аммо бундай қадам унга қарши узоқ давом этадиган суд жараёнларига олиб келади.
Жо Байден 14-тузатишни «яхшилаб ўрганиб чиқишга» ваъда берди, аммо қонуний сабабларга кўра қисқа муддатда ундан фойдалана олмаслигини айтди.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024