Бокс. Жалолов Конкабаевни мағлуб этди, ўзбекистонлик 11 боксчидан 9 нафари ЖЧ-2023 медалини нақд қилди
Тошкентда бокс бўйича жаҳон чемпионатининг 10-кун баҳслари ўтказилди. Чоршанба кунги чоракфиналларда мухлисларнинг асосий эътибори ўзбекистонлик чармқўлқоп усталари иштирокидаги 11та чоракфинал жангига қаратилди.
Куннинг вакилларимиз иштирокидаги дастлабки жангида Ҳасанбой Дўсматов япониялик жаҳон чемпиони Томоя Цубоини мағлуб этиб, яримфиналчига айланди. Рио-2016 Олимпиадаси ғолибининг омадли стартидан сўнг Абдумалик Халoков, Руслан Абдуллаев, Саиджамшид Жафаров, Лазизбек Мулложонов, Ойбек Жўраев, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Аълохон Абдуллаев ҳам ғалабага эришиб, яримфинал йўлланмасини қўлга киритишди. Эътиборлиси, Мулложонов кубалик Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби ва 4 карра жаҳон чемпиони Сезар Ла Крузни мағлуб этишга эришди.
Чоракфиналга қадар ўзбекистонлик икки боксчи турнир билан хайрлашган бўлса, 10 май куни уларнинг сони 4 нафарга етди. -60 кг вазн тоифасида Мужибилло Турсунов чоракфиналда россиялик Всеволод Шумковга мағлубиятга учраган бўлса, -86 кг вазн тоифасида Шоҳжаҳон Абдуллаев Озарбойжон вакили Альфонсо Домингезга мағлуб бўлиб, турнир билан яримфинал остонасида хайрлашди.
Чоракфиналнинг асосий афишаси энг оғир вазн тоифасидаги Баҳодир Жалоловнинг қозоғистонлик принципиал рақиби Қамшибек Конкабаевга қарши жанги эди. «Ҳумо арена»да минглаб мухлислар қаршисида ўтган тўқнашувда 28 ёшли ўзбекистонлик Токио-2020 Олимпиадаси ғолиби 31 ёшли қозоғистонлик рақибидан устун эканлигини яна бир карра исботлай олди – 5:0.
Эслатиб ўтамиз, Конкабаев Болгарияда ўтган Странжа-2023 турнирида Жалоловга қарши рингга кўтарилишдан бош тортганди.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоасининг 9 нафар боксчиси яримфиналга йўлланма олиб, 9та медал ва энг камида 50 минг АҚШ долларидан мукофот пулини нақд қилишди.
Маълумот учун, 11 май турнирда дам олиш куни бўлади. Яримфинал жанглари 12 май куни, финал баҳслари 13-14 май кунларига белгиланган.
ЖЧ-2023, чоракфиналлар. Ўзбекистонлик боксчиларнинг 10 май кунги натижалари:
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов – Томоя Цубои (Япония) – 4:3, ғалаба.
-57 кг: Абдумалик Халoков – Ишиш Юсуф (Иордания) – 5:0, ғалаба.
-63,5 кг: Руслан Абдуллаев – Лоунес Хамраоуи (Франция) – 4:1, ғалаба.
-71 кг: Саиджамшид Жафаров – Игорь Свиридченков (Россия) – 5:0, ғалаба.
-92 кг Лазизбек Мулложонов – Сезар Ла Круз (Куба) – 4:1, ғалаба.
-54 кг: Ойбек Жўраев – Габриэль Эскобар (Испания) – 5:0, ғалаба.
-60 кг: Мужибилло Турсунов – Всеволод Шумков (Россия) – 3:4, мағлубият.
-67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев – Рониэль Иглесиас (Куба) – 4:3, ғалаба.
-75 кг: Аълохон Абдуллаев – Филип Акилов (Венгрия) – 5:0, ғалаба.
-86 кг: Шоҳжаҳон Абдуллаев – Альфонсо Домингез (Озарбойжон) – 2:6, мағлубият.
+92 кг: Баҳодир Жалолов – Қамшибек Конкабаев (Қозоғистон) – 5:0, ғалаба.
Мавзуга оид
17:11 / 29.11.2024
Баҳодир Жалоловнинг профессионал боксдаги навбатдаги рақиби маълум бўлди
11:03 / 16.11.2024
Бокс. Афсонавий Майк Тайсон блогер Жейк Полга мағлуб бўлди
17:23 / 04.11.2024
Ўзбекистон – World Boxing ташкилоти аъзосига айланди
09:34 / 03.11.2024