21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 2022 йилда синфдошлари билан Telegram гуруҳга You Tube’даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборган. Нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси билан «ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган» деб топилган.

8 май куни ЖИБ Оққўрғон туман судида судья Санжар Исақулов раислигида бўлиб ўтган суд жараёнида Жаҳонгир Улуғмуродов ЖК 244-1-моддаси 3 қисми «г» бандида назарда тутилган ҳаракатни содир этишда айбдор деб топилди. Айбланувчига ЖК 57-моддаси қўлланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси президентга ва Олий судга мурожаат йўллади.

«Ўғлим нашида нима эканини билмайман, қўшиқ деб эшитганман, деди»

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси

Мен Жаҳонгирнинг онаси Умарова Гулчеҳра бўламан. Ўғлим университетда ўқийди. У оилада энг катта фарзандим, болам унақа ёмон бола эмас. Боламга ишонаман, у менинг ғурурим. Куз ойлари эди, «военкомат»дан иккита бола келиб, «ўғлингиз армияга бориши керак» деб айтганди. Ўғлим институтда ўқийди, деганимдан кейин, «институтдан қоғоз қилиб келинглар», дейишди.

Ўзим касалхонада, дадаси эса ободонлаштиришда ишлайди. Куз ўрталари эди, сменадан қайтдим. Мен ухлаб ётганимда болаларим уйғотди, икки одам келди деб. Чиқсам, «Жаҳонгир сизнинг ўғлингизми?» дейишди. Улар ўзини таништирди ва дачада ўғрилик бўлган дейишди. Менинг ўғлим унақа бола эмас, у ўқийди, ишлайди, кечқурун келади, деб айтдим. Улар эса «ўша ерда Жаҳон, Жаҳон, деб бақиришган, маҳалладаги ҳамма Жаҳонгирларни териб кетяпмиз», деди. Ўғлимга телефон қилиб, дачада ўғрилик бўлган экан, чақиряпти деб айтдим. Фурқат деган болага айтдим, боламни кечгача ушлаб турманглар, жавоб бериб юборинглар, деб.

Ўғлим ишда эди, ўзи улар айтган жойга борадиган бўлди. Кетишди, бу орада мен жуда кўп телефон қилдим, лекин ҳеч ким жавоб бермади. Соат 12 ларга яқин ўртоғининг онаси келди-да, «ўғлингиз нима қилиб қўйганини биласизми?» деб анча жанжал қилди. Ичкарига олиб кирдим, нима эканини ҳатто тушунмай қолдим. Улар «нашида, нашида» деб айтишади. Мен ҳатто нашида нима эканини билмайман, у нашида дегани қўшиқ, шеър дегани экан.