08:27 / 19.07.2023
23624

Жаҳонгир Улуғмуродов иши Олий судда кўриб чиқилади

Синфдошларига нашида ҳаволасини юборгани учун 3 йилга қамалган йигитнинг ҳимояси Олий судга кассация шикоятини киритди.

Жаҳонгир Улуғмуродов ва унинг онаси

17 июл куни Тошкент вилоят судида синфдошларига YouTube'даги нашида (диний ашула) ҳаволасини юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича апелляция суди якунланиб, дастлабки ҳукм ўзгаришсиз қолдирилганди. 

Олий суднинг жамоатчилик билан алоқалар билан маркази раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича мазкур ажрим устидан Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши мумкин.

Иш Олий судда кассация тартибида кўрилса маҳкумга нисбатан бир мунча енгил жазо тайинланиш эҳтимоли йўқ эмас, деб ҳисобламоқда иш тафсилотларидан яқиндан хабардор манба.

Бундан ташқари, Kun.uz манбасининг маълум қилишича, жорий йилда 2 марта афв эълон қилиниши кутилмоқда. Уларнинг бири Мустақиллик байрамига ва яна бири Конституция куни арафасида бўлиши мумкин.

Айтилишича, Жаҳонгир Улуғмуродов каби қилмиш содир этган шахслар мазкур афвга тушиши ва жазодан озод этилиши мумкин.

Хабар янгиланди: Kun.uz'га маълум бўлишича, 19 июл куни Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ота-онаси ва адвокати Олий судга борган ҳолда, кассация аризасини киритган.

Top