Ўзбекистон | 12:04 / 15.07.2023
15155
2 дақиқада ўқилади

Нашида юборгани учун 3 йилга қамалган талаба иши юзасидан апеллация суди давом этмоқда

14 июль куни Тошкент вилояти суди апелляция инстанциясида синфдошларига нашида юборгани учун 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича охирги суд мажлиси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 17 июль куни апелляция инстанцияси судининг ажрими чиқиши кутилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Узоқ давом этган суд тергови тугаб, томонлар музокарага киришган. Жаҳонгир Улуғмуродовнинг яқинлари ва адвокатлари суддан ҳукмни бекор қилиб, ёш йигитни бевосита суд залининг ўзида дарҳол озод қилинишини сўрамоқда.

Маълум бўлишича, судда давлат айбловини Тошкент вилоят прокуратурасининг жиноий судларда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Ғайрат Тўлаков олдинга сурмоқда.

Суд жараёнларида қатнашаётган Kun.uz мухбирига кўра, иш юзасидан навбатдаги суд мажлиси 17 июль куни бўлиб ўтади. Шу куни суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага кириши кутилмоқда.

Суд жараёнлари очиқ бўлаётганига қарамай, прокурор розилик бермагани туфайли судья жараённи тасвирларга олинишига рухсат бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023-йил 8 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга қамалди.

У 2022 йилда синфдошлари аъзолигидаги Телеграм-гуруҳга YouTube'даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборганликда айбланмоқда. Сўнгги вақтларда бундай “айбловлар” билан қамалаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу жамоатчиликда турли саволлар ва ҳавотирлар уйғотмоқда.

Мавзуга оид