Жаҳон | 23:31 / 10.05.2023
15723
2 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари Украина қарши ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда – НАТО 

Шу билан бирга, НАТО давлатлари Украинага ваъда қилинган жанговар техниканинг 98 фоизидан ортиғини топширди. 

Фото: Anadolu Agency/Getty Images

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг CNN телеканалига берган интервьюсида Шимолий Атлантика альянси Украинадаги урушда Россия қуролли кучларини паст баҳоламаслиги кераклигини айтди. 

«Биз ҳеч қачон россияликларни паст баҳоламаслигимиз керак. Фронт чизиғи узоқ вақт давомида ўзгаришсиз ҳолатда эди. Россия қўшинлари режалаштирилган қарши ҳужумни қайтариш учун муҳим мудофаа чизиғини яратишга муваффақ бўлди», деб тушунтирди Столтенберг. 

НАТО бош котиби Украина армияси ҳужумкор ҳаракатларининг эҳтимолий истиқболлари ҳақида гапирмади, чунки ҳали бунинг вақти келмаганини айтди. 

9 май куни у НАТО давлатлари аллақачон Украинага ваъда қилинган жанговар техниканинг 98 фоизидан ортиғини топширганини, шунингдек, камида тўққизта зирҳли танклар бригадасини тайёрлаганини айтган эди. 

Альянс бош котиби Россия армиясининг жанговар қобилияти ва Россия олий сиёсий раҳбарияти ниятини паст баҳоламаслик кераклиги ҳақида биринчи марта баёнот бераётгани йўқ. 

2023 йил январь ойида у Украина можароси контекстида Россияни ва Россия президенти Владимир Путиннинг амбицияларини паст баҳолаш хавфли эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш давомида Россия йўқотишлар ва қийинчиликларга дош беришга тайёрлигини кўрсатган. 

Мавзуга оид