Ўзбекистон | 19:02 / 11.05.2023
21685
2 дақиқада ўқилади

Экопартиянинг Ўзбекистон президентлигига номзоди маълум бўлди

Ўзбекистон Экологик партияси ўз раҳбари Абдушукур Ҳамзаевни президентликка номзод сифатида кўрсатишни режалаштирмоқда.

Фото: ЎзА

Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Йиғилишда президентликка номзод масаласи кўриб чиқилган.

ЎзА хабарига кўра, пленумда партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаевни Ўзбекистон президенти лавозимига номзод этиб кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинди.

Абдушукур Ҳамзаев 1973 йилда Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1995 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йил Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, мутахассислиги агроном олим. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор ҳисобланади. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

У 2022 йил июн ойидан Экопартиянинг Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари бўлган, декабр ойида партия раҳбарига айланганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилиши белгиланган. Марказий сайлов комиссияси 10 майдан президентлик учун сайлов кампанияси бошланишини эълон қилган. Сайлов округларини тузиш 15 майгача, сайлов участкаларини тузиш 25 майгача белгиланмоқда. Бундан ташқари, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилади.

Сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатдан ўтказиш учун сайлов кампанияси эълон қилинганидан кейин 3 кун муддат ичида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиши керак бўлади. Сайловда иштирок этиш учун партиялар 15 майгача ҳужжатларни тақдим этишлари зарур. 17 майдан 1 июнгача партиялар ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин. Номзодни рўйхатга олиш ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш — 2 июн куни якунланади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бешта партия рўйхатдан ўтказилган. Ҳозирча бошқа партиялар номзодлари маълум қилинмади.

Мавзуга оид