Жаҳон | 22:05 / 11.05.2023
12612
3 дақиқада ўқилади

Покистон Олий суди собиқ бош вазир Имрон Хон ноқонуний ҳибсга олингани ҳақида қарор чиқарди 

Унинг ҳибсга олиниши оқибатида мамлакатда оммавий норозиликлар бошланиб кетган эди. 

Фото: AFP/Getty Images

Покистон Олий суди собиқ бош вазир Имрон Хоннинг коррупцияда айбланиб ҳибсга олинишини ноқонуний деб топди. 

Апрель ойида ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилган мухолифат етакчиси Имрон Хон Покистон Олий суди раиси Умар Ато Бандиал буйруғи билан судга келтирилди. 

«Сизнинг ҳибсга олинганингиз қонуний эмас, шунинг учун бу жараён бекор қилиниши керак», деди судья. 

Хон, шунингдек, аввалроқ суд биносидан ўғирлаб кетилгани ва «таёқ билан калтаклангани» ҳақида судьяларга шикоят қилди. Судья Хонни зудлик билан озод қилишни буюрди. 

9 май куни Хон Исломобод Олий суди биносига коррупция айбловлари бўйича маҳкамада қатнашиш учун борди ва у ерда ҳибсга олинган эди. Шундан кейин мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланди, оқибатда камида 10 киши ҳалок бўлди, 2 минг киши ҳибсга олинди. 

Ҳибсга олинганлар орасида собиқ бош вазирнинг «Адолат учун ҳаракат» партияси 7 нафар юқори мартабали етакчиси, жумладан, собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам бор. Полиция уни «зўравонликка ундаш»да айбламоқда. Қурайший буни рад этган ва тарафдорларини тинч намойишларни давом эттиришга чақирган. 

Хон ва партиядошлари ўзларига қарши очилган ишлар сиёсий сабабларга кўра эканини даъво қилмоқда. Унинг ҳибсга олиниши тарафдорларини ғазабга солди - сўнгги 48 соат ичида мамлакатда оммавий тартибсизликлар, ҳукумат ва ҳарбий объектларга якка ҳужумлар содир бўлди. 

Март ойида Покистон суди полицияга мамлакатдаги кескинликни юмшатиш мақсадида машҳур сиёсатчини ҳибсга олишга уринишларни тўхтатишни буюрган эди. Хоннинг юзлаб тарафдорлари икки кун давомида расмийларга уни ҳибсга олишга тўсқинлик қилган ва полиция билан тўқнашган эди. Полиция уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишлатди. 

Хон совғаларни сотиш бўйича очилган иш юзасидан суд маҳкамасига боришни истамади. Шундан сўнг, Исломобод суди уни ҳибсга олишга ордер берди ва собиқ бош вазир полиция томонидан 9 май куни қўлга олинди. 

Бу совғаларни унга 2018-2022 йилларда бош вазир лавозимида ишлаган даврда хорижий давлатларнинг юқори мартабали вакиллари топширган. 

Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши у билан ҳарбийлар ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди. 

Кўпчилик таҳлилчилар унинг 2018 йилги сайловлардаги ғалабасига ҳарбийлар ёрдами билан эришганига ишонишади. Бироқ, у бош вазир сифатида тўрт йилдан камроқ вақт ишлаганидан сўнг ҳокимиятдан четлатилди. Шундан сўнг армиянинг ашаддий танқидчиларидан бирига айланди. 

2022 йил ноябрь ойида Хон норозилик юриши пайтида оёғидан ўқ еди ва жароҳатланди. У ҳужумда юқори мартабали разведка амалдорларини айблади, аммо ҳарбийлар буни қатъиян рад этган эди. 

Мавзуга оид