Жаҳон | 21:55 / 11.05.2023
22097
7 дақиқада ўқилади

«Яна бироз вақт керак» — Зеленский бўлажак қарши ҳужум, музокаралар эҳтимоли ва Россиянинг имкониятлари ҳақида

Украинага қарши ҳужумга тайёрланиш учун яна вақт керак, Украина қуролли кучлари ғарбдан ваъда қилинган қуроллар тўлиқ етиб келишини кутмоқда. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский қатор хорижий нашрлар мухбирлари билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Украина армиясининг НАТО ҳарбийлари томонидан ўқитилган жанговар бўлинмалари тўлиқ тайёр ҳолатда, аммо қўмондонлик яна бир қанча жўнатмалар, жумладан, партияларга бўлинган ҳолда етказиладиган зирҳли техникаларни кутмоқда.

«Биз ҳозир ўзимизда бор воситалар билан ҳам ҳужум қилишимиз мумкин, аммо бу ҳолатда шахсий таркибдаги йўқотишлар кўп бўлиши мумкин. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун яна бироз кутиш керак. Бизга яна бироз вақт керак», деган у журналистларга.

BBC Украина президенти Володимир Зеленский билан кечган суҳбатда яна нималар муҳокама қилинганини келтирди.

Қарши ҳужумдан кўзда тутилган натижалар тўғрисида

Зеленскийнинг фикрича, Россия айни босқичда вазиятни музлатилган можаро ҳолатига ўтказишга қарши эмас, аммо Украина бунга йўл қўя олмайди, шунинг учун қарши ҳужумнинг муваффақияти ўта муҳим.

Украина қуролли кучларининг бўлажак зарбаси жойи махфий тутилади. Россия армияси айни вақтда 1450 километр узунликда - шарқда Донецк ва Луҳанскдан жанубда Херсон ва Запорижжягача масофада мудофаа позицияларини мустаҳкамламоқда.

Сўнгги ҳафталарда Украина ҳукумати жамоатчиликнинг узоқ кутилган қарши ҳужумга бўлган умидлари даражасини пасайтиришга уринмоқда.

Ҳукумат вакиллари анонимлик шарти асосида қарши ҳужум муваффақияти жуда муҳимлиги ва бунга эришиш мумкинлиги, аммо бу деярли бир ярим йилдан буён давом этаётган урушдаги ҳал қилувчи воқеа бўлмаслигини айтишмоқда.

Шу билан бир вақтда, экспертларнинг катта қисми Киев ўзини кутилганидек эҳтиёткорона тутаётган бўлса-да, қарши ҳужум аслида бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда. Бу юриш кўп ойлардан буён ўзгаришсиз қолаётган фронт чизиғини ўзгартиришга қодир.

Ғарбнинг ёрдами ва эҳтимолий музокаралар ҳақида

 

Қарши ҳужум муваффақияти Украинага яна шунинг учун муҳимки, бу орқали Ғарбга уларга кўрсатилган ҳарбий ёрдам қандай самара келтирганини кўрсатиш мумкин.

Агар ғарб жанг майдонида керакли натижани кўрмаса, ҳарбий ёрдам ҳажми қисқаришини ҳам истисно этиб бўлмайди, Киевга эса Россия билан музокарага киришиш учун босим бошланиши мумкин, деб ҳисоблайди экспертлар.

Украинанинг бешдан бир қисми Россия оккупацияси остида эканидан келиб чиқилса, ер бўйича шартномалар бундай музокараларнинг асосий бандларидан бири бўлиши мумкин.

Аммо Володимир Зеленский бундай вариант кўриб чиқилмаслигини айтади.

«Улар Украинани ҳудудларидан воз кечишга мажбур қила олмайди. Нима учун дунёдаги қайсидир мамлакат Путинга ўз ҳудудини бериши керак?» - деган у.

Умуман олганда, Украина тинчлик келишувига ҳам қарши эмас, аммо унинг таклиф қилган режаси Москва томонидан қатъиян рад этилган бандларни ўз ичига олади: босиб олинган барча ҳудудларни, жумладан, Қримни қайтариш, Россияга репарация (товон пули) мажбуриятини юклаш ва россиялик ҳарбий жиноятчилар устидан суд қилиш учун махсус халқаро трибунал ташкил этиш.

2024 йилги сайловлардан кейин ҳам АҚШ ёрдами сақланиб қолиши масаласи

Украина президенти Оқ уйнинг ҳозирги раҳбари Жо Байден иккинчи муддатга сайланмаса ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватлов даражаси сусаяди, деб ўйламаяпти.

Унинг сўзларига кўра, Американинг икки йирик партияси вакилларидан таркиб топган АҚШ Конгресси доимий равишда Украинани қўллаб-қувватлашини намойиш этиб келмоқда.

Бундан ташқари, Зеленский АҚШда 2024 йил кузида бўлиб ўтадиган сайловларгача Украина ғалаба қозониб бўлиши мумкинлигига ҳам эътибор қаратган.

Россиянинг ҳарбий имкониятлари

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ғарб санкциялари Россия мудофаа саноатига сўзсиз таъсир кўрсатмоқда.

Украина президентининг ҳисоблашича, Россияда ракета захиралари тугаб бормоқда ва артиллерия тақчиллиги кўзга ташланиб турибди.

«Уларда ҳали омборларда кўп, аммо биз аллақачон кўряпмизки, улар айрим ҳудудларда кунлик зарбаларни қисқартирмоқда», - деган украинлар етакчиси.

Шу билан бирга, Москва айрим чеклов чораларини айланиб ўтиш йўлини топмоқда ва Зеленский ғарблик ҳамкорларни Россияга тақиқларни четлаб ўтишда ёрдам бераётганларни кузатиб боришга чақирган.

Кремлга дронлар ҳужуми ҳақида

Володимир Зеленский яна бир бор Россиянинг Кремлга уюштирилган дронлар ҳужуми ортида Украина тургани тўғрисидаги айбловини рад этди.

Москва буни Россия президенти Владимир Путинга суиқасд сифатида таснифлаган.

Зеленскийнинг фикрича, бу Россиянинг ўзи томонидан ўтказилган, Украинага ҳужумларни оқлаш мақсад қилинган провокация бўлиши мумкин.

«Улар мунтазам равишда баҳонага ўхшаб кўринган нарсаларни қидириб, шундай дейишади: «Сиз бизга шундай қиляпсиз, шунинг учун биз ҳам сизга шундай қиляпмиз», - деган президент Зеленский. - «Аммо бу иш бермади. Бу ҳатто уларнинг ички жамоатчилиги учун ҳам иш бермади. Ҳатто ўз пропагандачилари бунга ишонмади. Чунки бу жуда, жуда сунъий кўринди».

«Евровидение» ҳақида

Ўтган йили «Евровидение» танловида Украина ғалаба қозонган ва танлов қоидаларига кўра, бу йилда у мезбонлик қилиши керак эди.

Аммо уруш туфайли «Евровидение-2023»ни ўтказиш ҳуқуқи ўтган йили иккинчи ўринни эгаллаган Британияга ўтказилди.

Конкурс Ливерпулда бўлиб ўтмоқда, шу кунларда яримфинал босқичи ўтказилди, финал 13 майга белгиланган.

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, у танлов украиналиклар ҳам бориши осон бўлиши учун Украинага яқинроқ бўлган мамлакатда ўтказилишини истаган бўларди.

Аммо у Буюк Британияга чуқур ҳурмат изҳор этиб, уни «ҳайратланарли мамлакат» деб атаган.

«Асосийси, конкурс ўтказилмоқда, - деган Украина президенти. - Одамлар ўз истеъдодини намойиш этишсин».

Мавзуга оид