Жаҳон | 20:14 / 12.05.2023
27467
4 дақиқада ўқилади

«Қанотлар парчаланмоқда, фронт қуламоқда». Пригожин — Бахмутдаги вазият ҳақида

«Вагнер» асосчиси РФ мудофаа вазирлиги бўлинмалари «қочаётгани» ҳақида нолишда давом этмоқда. Унинг айтишича, руслар Бахмутда бир кунда 5 квадрат километр майдонни бой берган. Унинг сўзларига кўра, руслар мудофаа вазирлиги маълум қилганидай «тактик чекинмаган», балки очиқчасига қочган.

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг тасдиқлашича, РФ мудофаа вазирлиги бўлинмалари Донецк областининг Бахмут шаҳри атрофидаги позицияларини ташлаб кетаётгани, бу эса Украина қуролли кучларига муҳим тактик баландликларни эгаллаш имконини берганини айтган. Унинг навбатдаги видеомурожаати ОАВ сўровига биноан унинг матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

Пригожиннинг сўзларига кўра, мудофаа вазирлиги бўлинмалари энди Бахмутдан Украина армиясининг ичкаридаги таъминот нуқтаси — Часив Яр шаҳрига олиб борувчи йўлни блоклай олмаяпти. «Биз томонимиздан блокланган ва „Бахмутнинг қуршовга тушиши“ деб аталган Часив Яр — Бахмут йўли душман томонидан бугуннинг ўзида озод этилди. Ва душман, биринчидан, бу йўлдан яна фойдаланиши мумкин, иккинчидан, у Бахмут кафтдек кўриниб турадиган тактик баландликларни эгаллади», — деган Пригожин.

Айни вақтда Бахмут — Часив Яр йўли назорати украинлар томонидан қайтариб олингани тўғрисидаги маълумотни оператив тасдиқлаш имконсиз. Сўнгги кунларда украин манбалари йўл блокланмагани, аммо мунтазам равишда зарбалар остида турганини айтишаётганди. 10 май куни ҳам Украина қуролли кучларининг Бахмутда бўлиб турган 93-бригадаси Россия кучлари Бахмут — Часив Яр йўли атрофида ҳужум қилаётгани ҳақида хабар берганди.

«Вагнер» ХҲК асосчиси шунингдек РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков журналистлар учун брифингда Россия қўшинлари Берховка сув омбори яқинидаги позицияларни эгаллаб турганини айтганида очиқчасига алдаганини айтди.

«Биз қанотларни топширганимиздан кейин тактик чекиниш бўлгани йўқ, шунинг учун ўртоқ Конашенков, юмшоқ қилиб айтганда, айёрлик қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги бўлинмалари қанотлардан шунчаки қочмоқда», — деган Пригожин.

РФ мудофаа вазирлиги расмийси аввалроқ Россия қўшинларининг «Жанубий» гуруҳи бўлинмалари «мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида» «Берховка сув омборининг қулай шароитларини ҳисобга олган ҳолда» мазкур ҳудуддаги янги чизиқни эгаллаганини айтганди.

Пригожиннинг хабар қилишича, Бахмутни тўлиқ эгаллаш учун «Вагнер» ХҲК жангчилари яна 20 га яқин кўп қаватли биноларни эгаллаши талаб этилади. «Аммо Бахмутнинг эгалланиши Россия Федерациясига ҳеч нарса бермайди, чунки қанотлар парчаланмоқда, фронт қуламоқда. Ва мудофаа вазирлигининг ахборот майдонидаги вазиятни қандайдир тарзда юмшатишга уринишлари Россия учун глобал фожиага олиб келади. Шунинг учун сиз дарҳол ёлғон гапиришни тўхтатишингиз керак. Агар қочаётган бўлсангиз, янги мудофаа чизиқларини барпо этинг. Мен кўп марта огоҳлантирган воқеа содир бўла бошлади. Ҳаммаси Россия учун буюк фожиага қараб кетмоқда», — деган Пригожин.

  • Россиядаги ҳарбий телеграм-каналлар 11 май куни кечқурун Украина қуролли кучлари режалаштирилган қарши ҳужумни бошлагани ҳақида хабарлар беришганди. Хусусан, Бахмутни қуршовга олиш бўйича амалиёт бошлангани, Украина бўлинмалари Соледарда ҳам фронт чизиғини ёриб ўтгани хабар қилинганди (Россия фронт ёриб ўтилганини рад этди). РФ мудофаа вазирлиги 12 май куни Украина қуролли кучлари Соледар йўналишида «томонлар ўртасидаги 95 километрлик бутун алоқа чизиғи бўйлаб» олға силжиётганини тасдиқлади.
  • Украина президенти Володимир Зеленский 11 май куни ғарб нашрларига берган интервьюсида Украина қарши ҳужуми бошланиши учун «яна бироз вақт кераклиги», украин ҳарбийлари ғарбдан ваъда қилинган қуроллар тўлиқ етиб келишини кутаётганини айтганди.

Мавзуга оид