Ўзбекистон | 13:30 / 19.05.2023
5459
2 дақиқада ўқилади

KfW Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро ажратиши мумкин

Германиянинг KfW банки Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро ажратиши мумкин, деб хабар берди Mangold Consulting раҳбари Кристоф Манголд иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев билан учрашувда.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Германия давлат банки KfW Ўзбекистонга бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро миқдорида кредит ажратиши мумкин, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

17 май куни иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев ва Mangold Consulting бошқаруви раиси Кристоф Манголд ўртасида бўлиб ўтган учрашувда бугунги кунда Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги геосиёсий вазият туфайли таъминот занжирларида узилишлар кузатилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан қўшма ишчи гуруҳи тузилди. 

Ишчи гуруҳ логистика билан боғлиқ харажатларни таҳлил қилиб, муаммони бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, транспорт логистикасини ривожлантириш, иқтисодиёт учун оқибатларни юмшатиш чораларини шакллантириш ҳамда Германия профессионал таълими тажрибасини инобатга олиб, Германиянинг етакчи корхоналарида Ўзбекистон фуқаролари малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалаларни муҳокама қилди.  

Кристоф Манголд унинг компанияси KfW томонидан Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро миқдорида кредит ажратилишида ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид