Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош режа ўзгарди, айрим ҳудудларда биноларнинг қавати оширилди, бунга қандай эҳтиёж бор эди? – расмийлар жавоб берди
Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятовга кўра, Тошкент шаҳрининг бош режасида бинолар қавати оширилгани билан зичлиги сақлаб қолинган. У бу билан ҳудудда босим ортмаслигини айтмоқда. Урбанизация миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев эса бу жараён тадбиркорлар илтимоси билан амалга оширилмаганини, ўзгартиришлар келгусида ҳам қилинишини билдирди.
Бош режа ўзгарди
28 феврал куни Вазирлар Маҳкамасининг пойтахт бош режаси ўзгарганига оид тегишли қарори эълон қилинди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида 1 512 гектар ер участкасида хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан умумий қиймати 14,5 млрд долларга баҳоланган жами 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси (турар ва нотурар мажмуалар) қуриладиган бўляпти. Kun.uz бу ҳақда аввалги материалларида ҳам хабар берганди.
Узоқ йиллар кутилиб, 2024 йил декабр ойида тасдиқланган бош режада қатор ҳудудлардаги янги биноларнинг баландлик чеклови кескин оширилган. Масалан, энди Бешёғочда 28-32 қаватгача бино қураверса бўлади – бош режа ўзгармасидан олдин бу ерда 9-12 қаватдан баланд биноларга рухсат йўқ эди. Рўйхатдан келиб чиқиб айтилса, 5 қаватдан 40 қаватгача бинолар қурилиши ҳудудлар кесимида ёзиб ўтилган.
Расмийлар нима дейди?
5 март куни Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказда ўтган матбуот анжуманида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси вакиллари бош режа нега ўзгартирилгани юзасидан изоҳ беришди.
Вазир Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, 14 ой олдин тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси ишлаб чиқилганда, аҳоли сони белгиланиб, йўл, инфратузилма, коммуникация – ҳамма тизимларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, жойдаги зичликлари белгилаб кетилган.
Вазир бутун дунёда шаҳарларнинг бош режалари тасдиқланганидан кейин мастер режаларга мувофиқ унга доимий ўзгартириш киритиб борилишини билдирди.
“Лекин ўзгартириш киритилганда, ўша ҳар бир ҳудуднинг танланган жойида зичлик сақлаб қолинади. Коммуникация талаблари кўриб чиқилади ва ўша коммуникацияни янгилашга ёки ўзининг мавжуд инфраструктураси агар талабларга мос келадиган бўлса, шунга қараб ўзгартириб борилади. Биз ҳам худди шу йўлдан юриб, ҳозирги кунда ўзгартириш иши бошланди.
Мана, ўзгартириш киритилганда катта-катта ҳудудлар танлаб олиниб, у жойда зичликни сақлаб қолиб, кўп қаватли биноларга рухсат берилди, лекин бошқа жойларида ўшани яшил ҳудудларга айлантириш, коммуникация тизимларини янада ривожлантириш учун мастер режалар ишлаб чиқилиб, шу асосида ҳозир ўзгартириш киритилди”, – деди у.
Урбанизация миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев қаватлар оширилиши масаласига тўхталди. Унинг тушунтиришича, бирор ҳудуддаги бино қавати оширилса, унинг ёнидаги объектники пасайтирилади. Шу орқали зичлик сақлаб қолинади.
“Тўғри, мана, қаердадир 30 қаватлига рухсат беряпсизлар, 20 қаватдан ошиққа рухсат беряпсизлар, лекин мен жуда ҳам яхши, ёнидаги жойда қурилган қаватни пастга нолга тушириб қўйяпсизлар экан, деганни ҳеч кўрмадим. Чунки битта жойда рухсат бериляпти, иккинчи жой нолга тушириляпти-да. Бу томони ҳам бор, яъни умумий зичлик сақланиб қолади.
Бош режани қараётганда ҳалиги, УМН, ҚМН деган коэффициентлари бор, яъни умумий майдонга нисбати, қурилиш майдонига нисбати дегани. Бу бутун катта ҳудуд шу катта қават билан қурилади дегани эмас. Яъни ўша нисбатидан келиб чиқиб, майли, битта, иккита, учта бўлар 30 қаватли, тўртта бўлар балки. Лекин агар тўртта 30 қаватли бўлса, демак, мана бу яшил ҳудуди бўлади. Агар буни қисқартираман деса, иккита 30, мисол учун, энди фараз қиламиз, учта 5 қават, тўртта 12 қават қилиб, мана шундай қилиб жойланади. Яъни ўша нисбатлар қатъий равишда сақланиб қолиши керак бўлади. Шунинг учун мастер режа дейилади. Яъни бу ўша ҳудуд тўлиқ шу юқори қаватли зич қурилади дегани эмас”, – дейди у.
Қудбиев берган маълумотига кўра, айни вақт Тошкентда 893 гектар жамоат боғи мавжуд, киши бошига ҳисоблаганда 2 квадрат метрдан тушади. Қўмита раиси норматив бўйича бу 17-19 квадрат метр бўлиши кераклигини, бу 10 баробар камлигини айтди.
Бош режа кейинчалик ҳам ўзгарадими?
Расмий вакил бош режага ўзгартириш киритилиши давом этиши ҳақида ҳам гапирди.
“Бу, албатта, давом этади, бу бўладиган. Лекин қайси даврийликда? Бу ўша ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ўзи белгилайди. Ҳозир бизда 14 ойдан бери тўпланиб қолган. Тезроқ биз киритиб олиб, бир нима қилиб олсак, мантиқан айтишингиз мумкин, сиз 2000 дан ортиқ гектарни неча йил қурасизлар ўзи, деб. Биз айтяпмиз, 15 йил қурамиз, 15 йилга етарли ер очилди Тошкент шаҳрида. Ер очилади демоқчимиз. Бу ҳамма нарса қадамма-қадам-да”, – деди у.
Қудбиевнинг айтишича, ҳужжат тадбиркорлар аралашуви ёки илтимоси билан ўзгартирилмайди. Бунга қўмита йўл қўймаслиги билдирилди.
“Кейин ҳам, унгача ҳам, бундан кейин ҳам бирорта тадбиркорнинг нимаси билан бош режага ўзгартириш киритилмайди. Бош режанинг асосий мақсади бу – Тошкент шаҳри мисолида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровон яшашини таъминлаш. Бу кўпчиликнинг фаровон яшашини таъминлаш. Яъни кўпчилик яхши яшаши керак ва яхши яшаш деганда биз нимани тушунамиз? Яхши яшаш деганда нисбатан, энди арзон бўлмайди, албатта, қулай уй-жой бўлиши керак.
У уй-жойга бемалол кириб-чиқиш керак ва у жойдан, масалан, биз мана, қароримизда ё фармонимизда ёзилган, шунга қараб интиламиз. Афсуски, ҳозир бунақа эмас, лекин шунга қараб интилишимиз керак. 15 дақиқада асосий жойларга етиб олиш керак. Ўша дўконга, дорихонага, поликлиникасига, боғча-мактабига 15 дақиқада етиб олиш керак. Шунга қараб интилишимиз керак бўлади. Бош режага ўзгартириш киритишда ва ўша мастер режаларни тасдиқлашда мана шу бизнинг асосий устувор йўналишимиз бўлади. Минг яхши бўладими, фойдали лойиҳалар бўладими, лекин у агар халқнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига йўналтирилмаган бўлса, уни қабул қилиш нотўғри бўлади ва қабул қилмаймиз”, – деди Қудбиев.
Шерзод Қудбиев Tashkent cityʼга ўхшаш марказлар бошқа ҳудудларда ҳам барпо этилиши кераклигига тўхталди.
“Шаҳарнинг марказлари бир нечта бўлиши керак. Мана, эътибор беринглар, кечқурун, масалан, мен ўзим фарзандимни Tashkent сityʼга олиб келсам, 30 дақиқа киришга, 30 дақиқа у ердан чиқиб кетишга кетади. У яхшими, ёмонми? Бу жуда ҳам яхши, чунки жуда ҳам зўр марказ. Лекин кириб-чиқишга қийналамиз. Нима керак? Демак худди шунақа марказлар Тошкент шаҳрининг бошқа [жойларида бўлиши керак]. Мирзо Улуғбек туманида яшайман, болаларимни олиб бу ерга Мирзо Улуғбек туманидан келаман. Нима қилиш керак? Мирзо Улуғбек тумани томонда агар биттаси худди шунақа малл қилса, у ерга борармидим?! Миробод туманида ўзиники бўлса. Гап ўзиники, рақобатчи эмас, шаҳарда ўзи мана шунақа марказлар ҳар хил иккита, учта, тўртта, бешта бўлса, шундай қилиб йўлга, транспортга, экологияга бўлган босим ҳам камаяди”, – дейди раис.
“Шаҳар инфратузилмасининг бу аҳволга келиб қолишига бош режа айбдор эмас”
Тошкент бош режасини ўзгартириш кун тартибида йўқлиги ҳақида баёнот бериб чиққан қурилиш вазири ўринбосари Даврон Одиловга кўра, ҳужжат ўзгартирилмаган, такомиллаштирилган. Бу жараёнда маҳаллий мутахассислардан ташқари Германия, Туркия, Хитойда ўқиб келган урбанистлар ҳам иштирок этгани айтилди.
Одилов бош режа ўзгартирилганига оид маълумот тақдимот шаклида ОАВга Наврўз байрамидан кейин кўрсатилишини билдирди. У нутқи давомида Тошкент шаҳридаги инфратузилмавий, транспорт, қурилиш ёки экология муаммоларига унинг бош режасизлиги сабаб бўлмаганини таъкидлади.
“Инфратузилма бўйича кўп гаплашяпмиз, ҳамма жойда шу мавзу, лекин ҳеч ким айтмайдики, бу шаҳар аҳолиси ўзи қанча сув ишлатиши керак, қанча ишлатяпти? Қанча электр токи ишлатиши керак, қанча ишлатяпти? Қанча газ ишлатиши керак? Энди битта нарса бор. Биринчидан, бу шаҳар инфратузилмасининг бу аҳволга келиб қолишига бош режа айбдор эмас. Шаҳар инфратузилмасини бугун бу аҳволда эксплуатация қилишимизга бирорта норматив ҳужжат айбдор эмас. Бунга мен ва сиз айбдормиз.
Шаҳар инфратузилмасини бугун қўпол равишда эксплуатация қоидаларини бузиб, ёмғир сувини ҳам, қушхона сувини ҳам, красканинг сувини ҳам, канализацияга [оқизаётган] мен ва сиз. Бирорта норматив ҳужжат буни белгилаб бермаган. Ёмғир суви канализацияга қўйилди, демаган. Канализация бўйича оддий мисол кўрадиган бўлсак, ўзи инфратузилма деганда 60% канализациядан иборат. Нима учун? Канализация учун ҳар доим айтаман, коридор керак. У ўзининг “самотёк”идан кетадиган тармоқ бўлгани учун у нишаби билан кетаётганда бир қанча коммуникациялардан кесишади. Шунинг учун бу асосий, энг катта сарф-харажат келтириб чиқарадиган тармоқ ҳисобланади.
Электр энергия билан таъминлаши мумкин, ичимлик суви билан таъминлаш етказиб бериши мумкин. Бир насос қўйса, босимни кўтариб олиб бориб бераверади. Лекин канализацияда муаммо кўп. Бугун канализация билан қанақа муаммо қиляпти шаҳар аҳолиси? Иккита иншоотимиз бор, бир миллионлик, етмаяпти деяпмиз. Абу-Даби худди бизга ўхшаган битта пойтахт. Аҳоли сони ҳам бизникидан кам. 2 миллион 900 минг одам яшайди. 3 та 300 минглик иншооти бор. Ҳеч қанақа муаммоси йўқ. Муаммо нимада? Бош режадами, режалаштиришдами, инфратузилмадами ёки биздами? Шунинг учун илтимос қилган бўлардим, буни битта техник ичига кириб олсак, шунда лекин бош режа ўзи ўзгариши қачондан бошланган деган саволингизга ўзингиз жавоб берасиз”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2045 йилгача мўлжалланган пойтахтнинг бош режаси қабул қилингач, бир неча ой ўтиб, унга зид кўплаб қурилишлар лойиҳалари пайдо бўлган ва тақдимотлар қилина бошланганди.
28 феврал кунги қарор асосида шаҳарда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечилиши, 9 та янги яшил ҳудуд – жамоат парки ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
13:31 / 20.02.2026
Исломободда “Бобур боғи” барпо этиш масалалари муҳокама қилинди
20:59 / 29.12.2025
Охирги етти йилда 38 минг хонадонли кўп қаватли уйлар ноқонуний қурилган
12:35 / 20.12.2025
Тошкент бош режасини ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда – қурилиш вазири
16:42 / 18.12.2025