Марказий Осиё - Хитой етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилиши мумкин
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Хитой” саммитида тегишли таклиф билан чиқди.
“Биз бугунги йиғилиш кун тартибидаги масалаларни ва Сиань декларациясининг асосий бандларини қўллаб-қувватлаймиз. Бугун илгари сурилаётган ташаббус ва таклифлар албатта амалга оширилади, деб ишонаман.
Шу маънода, минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича самарали шериклик механизмларини шакллантириш муҳимлиги ҳақидаги фикрларга тўлиқ қўшиламан. Бу ўринда сўз, биринчи навбатда, савдо, инвестициялар, транспорт, гуманитар алоқалар ҳақида бормоқда.
Шу билан бирга, келгуси ўн йилликларга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли кун тартибини, истиқбол учун режа ва вазифаларни ишлаб чиқиш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман”, деди президент.
Қайд этилишича, мамлакатларда етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозим.
“Келгуси йил Самарқандда миллий стратегияларни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи Халқаро экспертлар конференциясини ўтказишга ва мунозара майдонини тақдим этишга тайёрмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:47 / 12.11.2024
“Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз” — Шавкат Мирзиёев
20:26 / 12.11.2024
Мирзиёев: Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзолаймиз
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:29 / 12.11.2024