Жаҳон | 21:49 / 19.05.2023
15466
2 дақиқада ўқилади

Россияда демография билан боғлиқ вазият оғир экани тан олинди 

2022 йилда Россия аҳолиси 533 минг кишига камайди. 

Фото: Reuters

Россияда оғир демографик вазият юзага келди ва уни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар натижа бермади, деди президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг сўзларига кўра, бу «мутлақо маълум ва тушунарли сабабларга кўра» содир бўлган. 

«Ҳа, ҳақиқатан ҳам, демография – ҳозирча муваффақиятсизликка учраётган жойимиз ва бу ҳақиқат. Мутлақо маълум ва тушунарли сабабларга кўра, биз ҳозир демографик нуқтаи назардан жуда қийин аҳволдамиз», деди Кремль матбуот котиби. 

Унинг қўшимча қилишича, Россия расмийлари «аҳолини туғилиш даражасини оширишга ундаш учун қатор чоралар кўрган, бироқ ҳозирча бу чора-тадбирлар кутилган натижани бермаган». 

«Афсуски, муаммони ҳал қилиш учун панацея, махсус дори йўқ. Бу узоқ вақтга мўлжалланган иш. Афсуски, биз бу борада тезкор, бир лаҳзалик натижага эриша олмаймиз», деди Песков. 

Росстат маълумотларига кўра, Россия аҳолиси 2018 йилдан бери камайиб бормоқда. 2022 йилда у 533 минг кишига камайган ва 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра 146,45 миллион кишини ташкил этди. 

Олий Иқтисодиёт мактаби қошидаги Демография институти мутахассислари Валерий Юмагузин ва Мария Винник ўтган ёзда қилган прогнозларига кўра, энг эҳтимолий сценарий бўйича Россия аҳолисининг қисқариши давом этади ва 2070-йилларнинг ўрталарига бориб, 131 миллион кишига тушади. Аср охирига бориб эса атиги 137,5 миллион кишига етади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид