Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё - Хитой махсус хизматлари ўртасида уч йўналишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Хитой махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида наркотрафик, трансчегаравий ва кибержиноятчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди. Бу ҳақда президент “Марказий Осиё – Хитой” саммитида айтиб ўтди.
“Биз барқарорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича минтақавий мулоқотнинг бугунги даражасини юксак қадрлаймиз. Мамлакатларимизнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги масалалари бўйича принципиал позицияни эгаллаб келяпмиз.
Ўзбекистон Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ хавфсизликнинг бўлинмаслиги ва тинч тараққиёт тамойилларига асосланган глобал ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида уч ёвуз куч, наркотрафик, трансчегаравий ва кибержиноятчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этамиз”, деди президент.
Қайд этилишича, Афғонистонда гуманитар ҳалокатга йўл қўймаслик бўйича келишилган позицияни ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни қабул қилиш учун Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Афғонистонга қўшни мамлакатлар доирасида Мулоқот гуруҳи платформаларидан тўлиқ фойдаланиш долзарбдир.
“Ҳурматли Си Цзиньпин жаноблари, кеча сиз таъкидлаб ўтганингиздек, “Афғонистонда инклюзив сиёсий тизимни яратиш, мамлакатларимизнинг терроризмга қарши кенг кўламли ҳамкорлик ўрнатиши билан боғлиқ масалаларни ҳамжиҳатликда илгари суришимиз муҳимдир.”
Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти ҳамда Афғонистон ҳукумати томонидан ўзаро мажбуриятларни бажариш алгоритмини ишлаб чиқиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида юқори даражадаги Халқаро гуруҳни тузиш ҳақидаги ташаббусимиз қўллаб-қувватланади, деб умид қиламиз.
Биргаликдаги ҳаракатларимизни мунтазам келишиб олиш учун бугунги форматда Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви механизмини яратишни таклиф этамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:47 / 12.11.2024
“Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз” — Шавкат Мирзиёев
20:26 / 12.11.2024
Мирзиёев: Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзолаймиз
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:29 / 12.11.2024