Ўзбекистон | 18:08 / 19.05.2023
11511
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитойда қўшма корхоналарни ишга туширди ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи иккинчи куни доирасида қатор ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн ҳамроҳлигида шу кунларда Сиань шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди.

Делегациялар икки мамлакатнинг саноат, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим ва инновациялар соҳаларидаги кооперациясига бағишланган стендларни кўздан кечирди. Ўзаро манфаатли шериклик натижалари ва режалари, эришилган янги келишувлар, Ўзбекистонда амалга ошириш учун ташриф арафасида махсус ишлаб чиқилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Кўргазма доирасида Сиан шаҳри ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги телекўприк орқали янги қўшма лойиҳаларни тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳани - автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Хитой ишбилармон, молия ва инвестиция доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн, Хитой Компартиясининг Шэнси музофоти партқўми котиби Чжао Идэ, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн, Хитой халқаро савдога кўмаклашиш кенгаши раиси Рен Хонбин ҳамда Хитой миллий нефт-газ корпорацияси, Хитой миллий кимё-инжиниринг компанияси, China CAMC Engineering, BYD Auto Industry, Sungrow Power Supply, China North Industries Corporation, Xinjiang Hualing Group, China Aerospace Science and Industry Corporation, Huawei Technologies, Хитой тараққиёт банки, Эксимбанки каби 100 дан ортиқ йирик компания, корпорация, банклар, тижорат ва молиявий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Давлат раҳбари давра суҳбати шаклида ўтказилган тадбир иштирокчиларини қутлаб, ушбу учрашув Хитойнинг иқтисодий марказларидан бирида, кўп асрлар аввал Буюк Ипак йўлини бошлаб берган қадим Сиан шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини қайд этди.

Ўзбекистон президенти кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликда мисли кўрилмаган даражага эришилганини алоҳида таъкидлади.  Ўзаро товар айирбошлаш икки карра ошиб, 9 миллиард долларни ташкил этгани қайд этилди. Ўзбекистонда ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми илк бор 11 миллиард долларга яқинлашди.

Бугун мамлакатда Хитой сармояси иштирокида 1,7 мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Энергетика, нефть-газ, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда қатор йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Куни кеча ХХР раиси Си Цзиньпин билан ўтган музокаралар сермаҳсул бўлгани, улар давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятдан фойдаланиш, Ўзбекистон бозорида Хитой компаниялари учун қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон президентининг ташрифи доирасида қўшма ишбилармонлик тадбирлари ҳам муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди. Энергетика, кимё, металлургия, геология, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган янги юқори технологик саноат, савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

«Буларнинг барчаси Ўзбекистон-Хитой кооперациясининг яққол ютуқларидан, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга томонларнинг қизиқиши катта эканидан далолат», – деди президент.

Давлат раҳбари учрашув иштирокчиларининг эътиборини мамлакатдаги инвестиция муҳити тубдан яхшилангани, инвесторлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратилганига қаратди. Ўзбекистонда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва кейинчалик учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада “яшил” энергетика, кимё, автомобилсозлик, электротехника, металлургия, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш ва бошқа тармоқлар айниқса истиқболли экани таъкидланди.

Президент Хитой бизнесини зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва барқарор бозор билан билан таъминлашга, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришга тайёрлигини билдириб, хитойлик ишбилармонларни ушбу ноёб имкониятлардан фойдаланишга чақирди.

Фикр алмашиш чоғида Хитой корпорациялари, компания ва банклари раҳбарлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қатъий интилишини айтди. Устувор соҳаларда, айниқса юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил этишда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарларига учрашувда илгари сурилган ташаббусларни шахсий назоратга олиш ҳамда уларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмлари ва аниқ муддатлари кўрсатилган тегишли “йўл харитаси”ни қабул қилишни топширди.

Мавзуга оид