Жаҳон | 19:33 / 20.05.2023
13209
2 дақиқада ўқилади

Грузия президенти ўз мамлакати авиакомпаниясига бойкот эълон қилди

Саломе Зурабишвили Россия билан тўғридан-тўғри рейсларни тиклаган Georgian Airways авиакомпанияси хизматидан фойдаланмаслигини таъкидлади.

Фото: AP

Грузия президенти Саломе Зурабишвили 20 май куни Россия билан тўғридан-тўғри рейсларнинг тикланишига яна бир бор салбий муносабат билдирди ва Россияга парвозларни бошлаган Georgian Airways авиакомпаниясини бойкот қилишини айтди.

«Мен Georgian Airways компаниясига бойкот эълон қиламан», деди у брифингда ва фуқароларни ҳам бойкотга қўшилишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, авиакомпания фақат бойишдан манфаатдор ва «аҳолининг жуда катта қисми учун номақбул бўлган ушбу янги воқеликдан фойдаланмоқчи».

Зурабишвили бундан буён авиакомпания хизматидан фойдаланмаслигини таъкидлади.

«Президент самолёти ушбу авиакомпаниянинг қўлида экан, ундан фойдаланишдан тийиламан», деди у.

10 май куни Россия президенти Владимир Путин ўз фармони билан 2019 йил июлидан бери амалда бўлган Грузияга парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилди. Россия Транспорт вазирлиги Россия авиакомпаниялари Москва ва Тбилиси ўртасида ҳафтасига етти марта парвоз қилишини маълум қилди.

19 май куни Россия авиакомпанияси самолёти 2019 йилдан бери биринчи марта Грузияга тўғридан-тўғри йўловчи рейсини амалга оширди.

Грузия президенти Россия билан тўғридан-тўғри рейсларни қайта тиклашга қарши чиқди ва россияликлар учун визалар жорий этишни таклиф қилди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи, ўз навбатида, Россия билан ҳаво қатнови қайта тикланган тақдирда Тбилисини санкциялар хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид