Жаҳон | 17:16 / 20.05.2023
12995
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўзбекистонликларнинг мамлакатга кириш тартибини соддалаштирмоқчи

Фото: Getty Images

Хитой Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга киришини соддалаштирмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнотда айтилади.

«Томонлар 2019 йилда Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисида имзоланган битим икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорлик учун кенг истиқболларни очиб берганини таъкидладилар. 

ХХР Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш режими бўйича сиёсатни юқори баҳолайди ва Ўзбекистон фуқароларининг Хитойга киришини осонлаштириш чораларини кўришга тайёр», — дейилади ҳужжатда. 

Аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 40 дан ортиқ ҳужжат имзолангани хабар қилинганди. 

Куни кеча Тошкентда Хитой Халқ Республикасининг виза маркази очилгани маълум бўлди.

Апрель ўрталарида ОАВ Қозоғистон ва Хитой ўз фуқаролари учун ўзаро визасиз режим жорий этиши ҳақида хабар берган эди. Шартномага кўра, қозоғистонликлар Хитойда визасиз, ХХР фуқаролари эса Қозоғистонда чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 кундан кўп бўлмаган ва 180 кун ичида 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда визасиз бўлишлари мумкин. 

Мавзуга оид