Еврокомиссия раҳбари G7 саммитида Хитойнинг сармоявий ташаббусларини танқид қилди
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен G7 саммитида Хитойнинг «Бир камар - бир йўл» иқтисодий ташаббусини танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси ва Россия томонидан Украинада бошланган урушнинг ножўя таъсири, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатлари жаҳон иқтисодиётига, хусусан, «глобал жанубга» таъсир кўрсатмоқда.
Фон дер Ляйен Хитойнинг «Бир камар - бир йўл» ташаббуси илгари фойдали ва яхши таклифга ўхшаганини таъкидлади. Бироқ, Хитойдан кредит олган кўплаб жанубий мамлакатлар қарз инқирозига дуч келди. Шу билан бирга, Россия уларга «фақат қурол ва ёлланма жангчиларни» таклиф қилиши мумкин.
Еврокомиссия раҳбари глобал жануб мамлакатлари муқобил молиялаштириш манбаларини қидираётганини таъкидлади ва G7 аъзолари ва уларнинг ҳамкорларини ушбу давлатларга ўзаро манфаатли сармоявий ташаббусларни таклиф қилишга чақирди. Улардан бири сифатида «Глобал инфратузилма ва инвестициялар бўйича ҳамкорлик»ни (PGII) айтди.
Фон дер Ляйен Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакети ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, пакетга Россияга нисбатан жорий этилган чекловларни бузган ва Европа Иттифоқидан Россияга тақиқланган товарларни учинчи давлатлар орқали етказиб берувчи дунё бўйлаб 90 та компания киради. Улар орасида Хитойнинг саккизта фирмаси бор.
G7 саммити баёнотида иштирокчилар Хитойни Украинадан қўшинларини олиб чиқиши учун Россияга босим ўтказишга чақирди ва Пекиннинг Жанубий Хитой денгизида қуролларни жойлаштириш сиёсатини қоралади. Ҳужжатда Хитойнинг технологияларни узатишдаги ноқонуний амалиётига қарши курашиш нияти ҳам қайд этилган.
Ўз навбатида, Хитой томони баёнотни «ҳақиқатга тўғри келмайдиган» деб атади ва саммит иштирокчиларини «туҳмат ва ҳужумларда» айблади. Хитой шунингдек, G7 давлатлари Пекинни ташвишга солаётган мавзуларга эътибор бермаслигини ва гўёки «мамлакатнинг ички ишларига, жумладан Тайван билан боғлиқ масалаларга» аралашишини таъкидлади.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024