Жаҳон | 21:41 / 23.05.2023
45502
11 дақиқада ўқилади

Белгород областига ҳужум. Иккинчи кундаги асосий маълумотлар

РФ мудофаа вазирлиги област ҳудудига бостириб кирганлар йўқ қилингани ва қолгани сиқиб чиқарилганини эълон қилди, аммо диверсантлар ҳамон Белгород области ҳудудида ҳаракатланишда давом этаётганини билдирган.

Фото: Россия кўнгиллилар корпуси

Россиянинг Белгород областига ҳужум 22 май куни тонгда чегарадаги Грайворон райони ва шу номдаги назорат-ўтказиш пункти ёппасига ўққа тутилиши билан бошланди. Белгород областига диверсияда камида 10 та зирҳли техника иштирок этган. РФ мудофаа вазирлиги баёнотларига зид ўлароқ, катта эҳтимол билан, диверсантлар ҳали мамлакатдан тўлиқ сиқиб чиқарилмаган. Тинч аҳоли ва ҳарбийлар орасида қурбонлар бор.

Россия мудофаа вазирлиги Белгород областига ҳужумнинг иккинчи кунига келиб 22 май куни областга «бостириб кирган» «украин миллатчи тузилмалари тор-мор этилгани» тўғрисида хабар берди.

Бир кун олдин регион расмийлари Грайворон шаҳар округи ҳудудига «Украина қуролли кучлари диверсия-разведка гуруҳи» киргани ҳақида хабар берганди. Глотово, Козинка ва Гора-Подол аҳоли яшаш манзилларида жанглар кетаётгани айтилганди. Бу акция учун жавобгарликни «Россияга озодлик» региони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз зиммасига олганди — бу тузилмалар бир йилдан ошиқ вақтдан буён Украина томонида туриб жанг қилмоқда.

РФ мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков 23 май кунги брифингда маълум қилишича, бостириб кирган бўлинмалар авиация, артиллерия ва Ғарбий ҳарбий округнинг давлат чегарасини қўриқлаш отрядлари ёрдамида «блокланган ва тор-мор этилган». «Миллатчиларнинг қолдиқлари Украина ҳудудига сиқиб чиқарилди, у ерда уларни тўлиқ йўқ қилиш учун зарбалар берилди», — деган Конашенков. 

Унинг сўзларига кўра, 70 нафардан ортиқ «украин террорчилари» ўлдирилган, шунингдек тўртта зирҳланган машиналар ва бешта пикап йўқ қилинган. Мудофаа вазирлиги вакили «Артемовск шаҳрида мағлубиятга учраган» Украина ҳукумати Белгород областига бостириб киришга қарор қилганини қўшимча қилган.

Вазирлик диверсантлар позицияларига берилган зарбалар акс этган видеони намойиш этган, аммо бу видео орқали нишонлар қай даражада йўқ қилинганини баҳолаб бўлмайди.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши яраланганини маълум қилган. Яна бир 80 ёшли аёл «эвакуация тадбирлари чоғида» автобусда жон берган. 22 май куни област раҳбари бутун регион бўйлаб аксилтеррор операцияси режими эълон қилганди.

23 май куни Гладков «ҳудудни диверсия-разведка гуруҳи кириши оқибатларидан тозалаш ишлари давом эттирилаётгани»ни айтди ва эвакуация бўлган аҳолини ҳозирча қайтмасликка чақирди. Унинг маълумотига кўра, бир кун ичида тўққизта аҳоли яшаш манзили эвакуация қилинган: булар Грайворон, Новостроевка, Горьковский, Безимено, Мокрая Орловка, Глотово, Гора-Подол, Замостье, Сподарюшино.

Белгород областида ҳужумга учраган аҳоли яшаш манзиллари

Губернатор 23 май куни Грайворон шаҳар округи атрофидаги қишлоқлар «кўп сонли миномёт ва артиллерия зарбалари остида қолгани» ҳақида ҳам айтган.

«Турар жойлар ва тинч аҳолига баравар ўт очиш реактив тизимлари билан зарба берилган, квадрокоптерлардан портловчи қурилмалар ташланган. Натижада тинч аҳоли вакилларидан 12 киши яраланган, 29 та хусусий уйда ва учта машинада шикастланишлар қайд этилган. Ҳозирда 14 та аҳоли яшаш пунктида свет йўқ, оператив вазият имкон берганида, уни тиклаш ишларига киришамиз», — дея ёзган област раҳбари телеграм-каналида. Шунингдек, Белгород ва Борисовский районлари, Валуйки ва Шебекино шаҳар округларини ўққа тутиш давом этаётганини маълум қилган.

Шу билан бирга, Гладков областнинг Борисовский районига янги «диверсия-разведка гуруҳлари» бостириб киргани тўғрисидаги маълумотни рад этган. «Айрим телеграм-каналлар одамлар орасида ваҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Ҳеч қандай кириш бўлмаган. ФХХ, ФВВ ва мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқламади», — дея ёзган у.

Кейинроқ Гладков Козинка қишлоғида ҳам бир киши диверсантлар ҳужуми вақтида ҳалок бўлганини маълум қилди.

«Афсус, барибир, бизда йўқотиш бор. Козинка қишлоғида тинч аҳоли вакили Украина қуролли кучлари қўлидан ҳалок бўлди. Менга маълум бўлишича, унинг рафиқаси жароҳат олган ҳолда шифохонага ётқизилган, унга барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Яқин вақтлар ичида уни зиёрат қилишга ҳаракат қиламан», — дея ёзган Белгород области раҳбари. 

«Коммерсант» нашри эса ИИВдаги манбасига таянган ҳолда Белгород областига ҳужум вақтида Белгород-22 ҳарбий шаҳарчасидаги ҳарбий қисм ўққа тутилгани ва бу ерда икки ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, яна тўрт нафари яралангани тўғрисида хабар берди.

Тергов қўмитаси Белгород областига уюштирилган ҳужум юзасидан ЖКнинг олти моддаси бўйича жиноий иш очган: террорчилик ҳаракати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳаётига суиқасд қилиш, одам ўлдиришга уриниш, мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш, қуроллар ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси.

23 май куни кун охирига келиб Белгород областида аксилтеррор операцияси режими бекор қилингани маълум қилинди.

«Новая газета Европа» РФ қуролли кучларидаги манбасига таяниб ёзишича, «Украина ҚК диверсия-разведка гуруҳлари босқини»дан кейин Белгород областига мотоўқчилар кучлари (3200 нафар атрофида жангчи ва 20 та техника) ва армия махсус топшириқли бўлинмалари (мингга яқин киши ва 40 та техника) олиб келинган. Шунингдек, регионга ФХХ махсус топшириқлар марказининг «Альфа» ва «Вымпел» гуруҳлари ходимлари жўнатилган.

Белгород областига ҳужум вақтида шикастланган бинолардан бири. 2023 йил 22 май
AP / Scanpix / LETA

РБК нашри ИИВнинг ҳудудий бошқармаси ва полиция ҳудудий бўлимидаги манбаларига таяниб хабар беришича, Белгород областига бостириб киришда «Украина қуролли кучларининг 10 та зирҳли техникаси ва сони аниқланмаган миқдордаги пиёда аскарлари қатнашган». Агентлик суҳбатдошлари воқеалар хронологиясини келтиришган.

РБК манбаларига кўра, ҳужум Москва вақти билан 22 май куни соат 6:00 да бошланган.

  • Соат 6:00 дан соат 11:00 га қадар Грайворон шаҳри узлуксиз ўққа тутилган. 
  • 11:30 да Украина қуролли кучлари танклари чегарадаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктини ўққа тутган, кейин танклар бўлинмаси Украинага қайтиб кетган.
  • 11:40 да Украина томондан баравар ўт очиш реактив тизими чегарадан тахминан 10 километр масофада жойлашган ҳарбий қисмни ўққа тутган.
  • 12:00 да Козинка қишлоғини ўққа тутиш бошланган, бу ерга 120 миллиметр калибрли 60 та мина ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан яна шунча ракета учирилган. Кейин бу ерга ўнта зирҳли техника ва пиёдалар кириб келган.
  • 13:30 да област оператив штаби йиғилиши ўтказилиб, унда «Эдельвейс» режаси ҳаракатга келтирилган. Бу вақтда мудофаа вазирлиги ва Росгвардия бўлинмалари Козинка ва Глотово қишлоқларига келиш йўлларини тўсиб қўйган.
  • 16:30 да Украина томонидан йўлланган зарбалар оқибатида Грайворон шаҳар маъмурияти биноси вайрон бўлган. Икки киши жароҳатланган, улардан бири — маъмурият раҳбари ўринбосари.
  • 19:15 да ҳужум қилувчилар Глотово қишлоғидан Козинка ҳудудига сиқиб чиқарилган.

«Россияга озодлик» легиони 23 май куни кундузи «Россия кўнгиллилар корпуси» билан биргаликда «Белгород областини озод этишда давом этаётгани»ни эълон қилган.

«РФ армияси қўлига қурол олган ва Россиянинг эркин келажаги учун Москва режимига қарши очиқдан очиқ қарши чиқишдан қўрқмаган ватанпарвар кўнгиллилар гуруҳига қарши тура олмади. РФ фуқаролари хавфсизликда ва РФ кучли экани ҳақидаги миф яна бир бор йўққа чиқарилди, аслида — ҳукумат йиллар мобайнида шунчаки бюджетни талон-торож қилди ва барчаси яхшилигини айтиб алдаб келди. РФда ҳарбий инқирозларга реакция қилиш учун захиралар йўқ — барча ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган, яраланган ёки Украинада. РФ мутлақо ҳимояланмаган. Белгород областида ваҳима, қисман ташкиллаштирилган эвакуация бор, аммо кўпчилик ўзи қочмоқда», — дейилган ҳарбий тузилма телеграм-каналида.

Россия кучишлатар тузилмаларга алоқадор бўлган Mash телеграм-канали ҳам «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктига ўрнашиб олган украин отрядлари ҳамон ўз позицияларида қолаётганини ёзган.

«Россия кўнгиллилар корпуси» раҳбари Денис Никитин Financial Times нашрининг Киевдаги корреспонденти Кристофер Миллер билан суҳбатда Белгороддаги амалиёт давом этаётганини айтган ва йўқотишлар ҳақидаги хабарни рад этган.

Мухбирнинг айтишича, у «яхши кайфиятда бўлган ва сўзларидан [Россия мудофаа вазирлиги айтганидек] жангчиларидан 70 нафарини йўқотганга ўхшаб кўринмаган». Шунингдек, Никитин операция давом этаётганини таъкидлаган.

Кейинроқ Миллер BBC учун берган интервюсида РФ мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган видео вазиятни бузиб кўрсатишини айтган.

«Улар жангчиларидан бирортасини йўқотмаганини даъво қилмоқда. Айни вақтда бу маълумотни ҳам текширишнинг имкони йўқ. Аммо, мен улар билан [«Россия кўнгиллилар корпуси» вакиллари] телефон орқали гаплашганим уларнинг камида бир қисми омон қолганини кўрсатади», дея қўшимча қилган журналист.

Қолаверса, диверсантлар 23 май кунининг иккинчи қисмида, РФ мудофаа вазирлиги баёнотидан анча вақт ўтганидан кейин ҳам Белгород области ҳудудида ҳаракатланаётгани акс этган видеоларни намойиш этишди. «Ватаннинг кичик, аммо энди ўзимизники бўлган қисмидаги вазият ҳамон ташвишли», дейилади видеолардан бирида.

Украина ҳукуматидагилар 22 май куни «Россиянинг Белгород областидаги воқеаларни қизиқиш билан кузатиб бораётгани, аммо унга тўғридан тўғри алоқадор эмаслиги»ни билдирганди. 23 май куни Украина томонидан бу масалада расмий изоҳлар берилмади.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков матбуот учун брифингда Белгород областидаги воқеалар «чуқур ташвиш» уйғотишини айтди. «Бу яна бир бор украиналик жангарилар мамлакатимизга қарши ўз фаолиятини давом эттираётганини тасдиқлайди. Бу биздан катта саъй-ҳаракатлар кўрсатилишини талаб этади. Бу саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда, келгусида бундай бостириб кириш ҳолатларига йўл қўймаслик учун махсус ҳарбий амалиёт ҳам давом этмоқда», — деган Кремл расмийси.

Мавзуга оид