Жаҳон | 10:26 / 23.05.2023
5329
2 дақиқада ўқилади

Финландиянинг Gasum компанияси "Газпром" билан шартномани бекор қилди

Gasum ва Gazprom Export ширкати газ учун тўловни рублда тўлаш талаби бўйича келишмовчиликни суд орқали ҳал қилмоқчи бўлди, бироқ улар муросага кела олишмади.

Фото: Gasum

Финландиянинг Gasum компанияси Gazprom Export билан газ қувури орқали табиий газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномани бекор қилди. Бу ҳақда 22 май, душанба куни чоп этилган Gasum матбуот-релизида маълумот берилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, 2022 йил апрел ойида Gazprom Export финландиялик мижозидан газ учун тўловни шартномада кўрсатилганидек еврода эмас, рублда тўлашни талаб қилган. Gasum бу талабни бажаришдан бош тортди. Бундан ташқари, у Gazprom Export билан келишувга боғлиқ бошқа талаблар бўйича ҳам келишмовчиликларга учраган, дейилади хабарда. Шу сабабларга кўра Финландия томони Стокҳолм арбитраж судига мурожаат қилган.

2022 йил ноябр ойида суд Gasum'нинг кўк ёнилғи учун рублда тўлаши шарт эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Россия президенти Владимир Путиннинг “дўст бўлмаган” давлатлар учун Россия гази учун тўловни рублга ўтказиш тўғрисидаги фармони форс-мажор ҳолати деб тан олинди.

Шу билан бирга, арбитраж суди Финландия компаниясига Gazprom Export'га етказиб берилган газ учун, гарчи танланмаган бўлса ҳам (take or pay шартномаси), қарзи бўйича 300 миллион евро тўлашни буюрди. Шунингдек, арбитраж низо томонларига муроса топиш учун шартнома бўйича музокараларни давом эттиришни тавсия қилди.

Мавзуга оид