Ўзбекистон | 08:52 / 23.05.2023
7960
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари ҳамкорлик дастурини имзолади

Ўзбекистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Фото: Dunyo

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва ХХР ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр  Саидов ва Цин Ган Сиан шаҳрида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.

«Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладик», - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. 

Қайд этилишича, икки давлат ташқи сиёсат идоралари барча соҳаларда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги фаол ва жадал алмашинувларни рағбатлантириш тарафдоридир.

Бундан олдин Хитой ўзбекистонликларнинг мамлакатга кириш тартибини соддалаштирмоқчи экани хабар қилинганди. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнотда айтилган.

«Томонлар 2019 йилда Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисида имзоланган битим икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорлик учун кенг истиқболларни очиб берганини таъкидладилар. 

ХХР Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш режими бўйича сиёсатни юқори баҳолайди ва Ўзбекистон фуқароларининг Хитойга киришини осонлаштириш чораларини кўришга тайёр», — дейилади ҳужжатда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид