Шаҳрихонда аёл туғуруқдан сўнг вафот этди. Прокуратура 8 ойдан бери якуний тўхтамга келгани йўқ
Марҳуманинг яқинларига кўра ўлимга нотўғри қон қуйиш сабаб бўлган. Аммо прокуратура “камқонлик ташхиси” билан жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Марҳума ҳаётлигида камқонликдан шикояти бўлмагани айтилмоқда.
2022 йил 29 сентябр куни Шаҳрихон туманига қарашли 1-сон туғуруқхонада 25 ёшли аёл вафот этган. Аёлнинг оила аъзолари иш 8 ойдан бери кўриб чиқилмаётганидан норози эканини айтиб, Kun.uz'га мурожаат қилди. Марҳуманинг онаси Ҳайитхон Солиеванинг айтишича, қизини 25 сентябр куни туғуруқхонага олиб келишади. Аёл кесарча кесиш йўли билан фарзандини дунёга келтиради. Онасининг сўзларига қараганда, қизи амалиётдан яхши чиққан.
«Амалиёт яхши ўтди. Операциядан чиққанидан кейин қизим билан кўришганимда аҳволи жуда яхшилигини айтди. Операциядан кейин бир неча соат ўтиб ҳам аҳволи яхши эди. Кейин бирдан қон кетяпти дейишди», – дейди аёл.
Шундан кейин шифокорлар аёлга қон қуйиш ҳаракатига тушишган. Солиеванинг айтишича, марҳуманинг отаси қизига қон бермоқчи бўлган. Лекин вирус бор деб, отасининг қонини қуйишмаган.
«Унинг ўрнига рўйхатда турган, қон гуруҳи тўғри келадиган қизни айтишди. Бориб олиб келдик. Ўшанинг қонини қуйишди.
Янгидан қон топширганда отасининг қон таҳлили яхши чиқди. Лекин 2 йилча олдин вирус чиққан экан. Ўша тақиқ олиб ташланмагани учун рухсат беришмади», – дейди марҳуманинг онаси.
Ҳайитхон Солиева қизига қон қуйиш жараёнида шифокорлар эътиборли бўлмаганидан норозилигини ҳам билдирди.
«Залда ўтирганимда боламнинг бақирган овози эшитилди. Югуриб олдига кирсам, ёнида ҳеч ким йўқ экан. Қон уланган, болам ўтириб олиб, бир нуқтага термилиб бақираётганди. Мен врачларни чақирдим», – дейди у.
Солиеванинг айтишича, беморга дарҳол кислород улашган, аёл шу ҳолатда 6 кун ётган. Ва олтинчи кун вафот этган. Марҳуманинг отаси Баҳодир Солиевнинг сўзларига кўра, жасад экспертиза қилинган, Андижон туман прокуратураси жасадни текшириб кўриб, «нотўғри қон қуйилиши натижасида ўпка ғижимланиб қолган» деган хулоса берган.
«Экспертиза хулосаси чиққанидан кейин ҳам туман прокуратурасига бир неча марта бориб келдим. 8 ойдан бери натижасини кутяпмиз. Тиббий маълумотнома келмаяпти деб мени қайтариб юборишяпти», – дейди марҳуманинг отаси.
Ҳолат бўйича тўлиқ маълумот олиш учун Kun.uz Шаҳрихон туман прокуратураси билан боғланди. Маълум бўлишича, аёлга камқонлик ташхиси қўйилган ва 2022 йилнинг 29 октябрида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.
Лекин оила аъзоларининг айтишича, марҳуманинг камқонлик касали бўлмаган. «Қизим учинчи боласини дунёга келтираётган эди. Олдинги туғуруқларида ҳам камқонлик сезилмаган», – дейди отаси.
Kun.uz прокуратурадан нега аёлнинг оила аъзоларига бошқа ташхис айтиб, кейин бу камқонлик деб айтилаётганига изоҳ сўради. Туман прокуратураси ходимининг берган маълумотига кўра, жиноят иши қўзғатишга етарли асос бўлмаса ҳам 1 ой ичида қандайдир қарор қабул қилиниши керак.
«Тўлиқ ўрганилмаган бўлса ҳам тўпланган ҳужжатларга кўра, жиноят иши қўзғатишга асос етарли бўлмагани учун қарор қабул қилиб турилади. Кейин бу туман прокурори томонидан бекор қилиниб, терговга қадар текширув ўтказиши мумкин. 1 ой ичида қандайдир қарор қабул қилиши керак. Ё қўзғатадиган ёки рад қиладиган. Асослар етарли бўлмаса қарор қабул қилинади», – деди терговчи.
Марҳуманинг оила аъзолари 8 ойдан бери туман прокуратурасидан тайинли жавоб олишмаганидан шикоят қилишяпти. Прокуратура эса буни комиссиявий экспертизанинг узоққа чўзилиши билан изоҳламоқда.
«Бизда оналар ва болалар ўлими бўйича алоҳида назорат ўрнатилгани сабабли албатта терговга қадар текширув ўтказилади. Бу 1 ой муддат олади. Комиссионний экспертиза хулосаси узоққа чўзиладиган экспертиза ҳисобланади ва узоғи билан 6 ой вақт олади. Унинг натижаси чиққанидан кейин унга терговга қадар текширув ҳужжатларига қўшиб туриб, қарор бошқатдан қабул қилинади. Шу учун у кеч қолган бўлиши мумкин», – деди ходим.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 116-моддаси учинчи қисмига кўра шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ, туғуруқдан кейинги ўлим ҳолати Самарқандда ҳам юз берганди. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида кесарча кесиш йўли билан кўзи ёриган аёл, амалиётдан бир неча кун ўтиб вафот этганди.
Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz
Мавзуга оид
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
18:26 / 16.09.2024
ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
15:31 / 08.09.2024
Ўзбекистонда ишлаётган аёл шифокорлар сони маълум қилинди
14:45 / 18.06.2024