Хивага саёҳат — фақат хон, унинг оиласи ва хизматкорлари яшаган cарой ҳарамлари ҳақида
Хива тарихий обидалари, қадимий Ичан қалъасида ҳамон одамлар яшаётган дунёдаги камдан кам эски шаҳарлардан бири. Ушбу манзилда Хива хонларининг бир неча саройлари ҳам бугунгача сақланиб қолган. Шу жумладан, сарой ҳарамлари ҳам. Kun.uz шундай ҳарамларнинг 4 таси ҳақида маълумот беради.
Тошҳовли саройи ҳарами
Ўз даврида фақат хон ва махсус сарой хизматчилари кира олган, қолганлар учун кириш мутлақо тақиқланган ҳарамлар бугун маданий мерос объектларига айланиб, сайёҳ ва меҳмонлар учун очиқ. Уларнинг ҳовлисига кирган ҳар бир меҳмон у ердаги сирли ҳаёт ҳақида ўзича тасаввур қилади. Хивадаги энг ҳашаматли ҳарам – бу Тошҳовли саройи ҳарамидир. 1830-1838 йилларда Хива хони Оллоқулихон томонидан қурдирилган лабиринт саройи ҳовлиларидан бири хон, унинг аҳли аёли ва хизматкорлар яшаган ҳарам бўлиб, унинг архитектураси ўзига хос ва мураккаблиги билан бошқаларидан ажралиб туради.
Ўз даврида бежирим безакли саройлар, карвонсарой ва мадрасалар қурдирган Оллоқулихонга “меъмор хон” дея таъриф ҳам берилган.
Кўҳна арк саройи ҳарами
Шундай манзиллардан яна бири Хива хонлигининг бир неча авлод хонлари хизматида бўлган XVII асрга оид Кўҳна арк саройи ҳарамидир. Кўҳна арк XIX аср бошида Элтузархон томонидан қайта қурдирилган. Аркнинг ҳарам қисми биноларининг режаси Тошҳовли саройидек – бир тарафи хон ва унинг рафиқалари учун баланд айвонли хоналардан ҳамда қарши томонда икки қаватли айвонли хоналардан иборат.
Архитектураси эса Тошҳовлиникидек башанг бўлмаса-да, Хива меъморчилигига хос бўлган услубдаги нақшлар билан безатилган. Бугунги кунда ҳам ҳарамнинг айрим хоналаридан Ичан қалъа маъмурияти идораси сифатида фойдаланилади.
Нуруллабой саройи ҳарами
Нуруллабой саройи 19-аср охири 20-аср бошида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2 томонидан унинг ўғли Асфандиёрхон учун қурдирилган. Ичан қалъадан ташқаридаги баҳаво жойда модерн ва миллий услуб уйғунлигида маҳобатли қилиб қурилган ҳарам саройдаги 4 та ҳовлидан бири. У Ичан қалъадаги Тошҳовли ва Кўҳна арк саройларидан замонавийроқлиги билан ажралиб туради.
Ушбу сарой ҳарами билан боғлиқ турли миш-мишлар ҳам халқ тилида кўчиб юради. Айтишларича, Асфандиёрхоннинг 12 ёшли ўғли, шаҳзода Темур Ғози Тўра ҳарамда бегона эркак овозини эшитиб қолиб, бу ҳақда отасига етказади. Тинтувлар натижасида паранжи ёпинган эркак ҳарам ичида қўлга олиниб, сўроққа тутилади ва қийноқлар туфайли вафот этади.
Мазкур воқеадан сўнг кўп ўтмай валиаҳд шаҳзода Темур Ғози Тўра ҳам канизаклар томонидан заҳар бериб ўлдирилади.
Қибла тоза боғ ёзги саройи ҳарами
Ташқи томондан Нуруллабой саройини эслатувчи Қибла тоза боғ ёзги сарой ҳовлиси 1897 йилда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2 томонидан қурдирилган. Хон оиласининг, асосан, жазирама ёз ойларида дам олиши учун қурдирилган саройнинг ҳам кичикроқ майдонни эгаллайдиган ҳарам ҳовлиси бор.
Мавсумий сарой бўлгани учун мазкур ҳарамда хоналар сони бошқа саройларникига нисбатан камроқ. У қурилиш архитектураси жиҳатидан Ичан қалъадаги Кўҳна арк саройига ўхшаш.
Бугун эътиборингизга Хива хонларининг бугунгача сақланиб қолган ва бориб кўриш мумкин бўлган 4 та сарой ҳарамлари ҳақида маълумот бердик. Кейинги лавҳаларимизда эса Хива хонларининг саройлари бўйлаб саёҳат қиламиз.
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
16:40 / 04.12.2024
«Афросиёб» тезюрар поездлари 7 декабрдан Хивага қатнай бошлаши рад этилди
08:53 / 28.09.2024
Хива вокзали ёнида ерости йўл ўтказгичи барпо этилади
22:36 / 26.09.2024
Чирчиқ дарёсининг 6 км қисмида дам олиш ҳудуди барпо этилади
20:30 / 08.06.2024