Жаҳон | 13:29 / 27.05.2023
8394
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Венгриянинг Европа кенгашини бошқаришга тайёрлигига шубҳа қилмоқда

Европарламентдаги қатор партиялар томонидан тайёрланган резолюция лойиҳасига кўра, Венгрия Европа Иттифоқи қонунчилигини бузяпти ва Европа Иттифоқи қадриятларидан четга чиқяпти.

Фото: AP

Венгрия, Европа Иттифоқи қонунчилигини такроран бузганлиги сабабли, келаси ёзда киришиши керак бўлган Европа Иттифоқи Кенгаши раиси ролига мос келмайди. Бу ҳақда Европарламент депутатлари томонидан келаси ҳафтада кўриб чиқилиши режалаштирилган резолюция лойиҳасида айтилган, деб хабар беради 26 май, жума куни Euractiv интернет-нашри.

Унинг маълумотига кўра, бу лойиҳани нафақат Европарламентнинг учта йирик партияси – консерватив Европа халқ партияси, «Социалистлар ва демократларнинг прогрессив альянси» ва «Янги Европа» либераллари, балки «яшиллар» ва сўллар фракциялари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳужжат қонуний кучга эга эмас, лекин Брюссел ва Будапешт ўртасидаги яна бир йирик сиёсий келишмовчиликдан далолат беради, дея қайд этади нашр. 

2010 йилдан бери бош вазир Виктор Орбан етакчилигидаги «ФИДEС-Венгрия фуқаролик иттифоқи» партияси томонидан бошқарилаётган Венгрия Европарламентга навбатдаги сайловлардан бир ой ўтмай, 2024 йил июль ойида Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилиши керак. 

Европа Иттифоқи Кенгаши раиси давлатининг вазифалари ушбу органнинг бошқа Европа Иттифоқи институтлари билан ўзаро муносабатларида вакиллигини ўз ичига олади: бу мамлакат Европа Парламенти билан қонунлар матнларини муҳокама қилади ва Европа Комиссияси билан алоқада бўлади. ЕИ Кенгашига раисликнинг вазифаси «Европа Иттифоқининг устувор йўналишларини Европа Кенгаши раҳбарлигида аниқ ва расмий қарорларга айлантириш», дейилади ташкилот сайтида. 

Мавзуга оид