Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин сайловларни ҳарбий ҳолат шароитида ўтказиш тўғрисидаги қонунни имзолади
Путин ҳарбий ҳолат жорий қилинган ҳудудларда сайлов ўтказишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Ушбу тузатишлар сентябр ойида «ДХР», «ЛХР», Херсон ва Запорижжя вилоятларида парламент сайловларини ўтказиш имконини беради. Сайлов ўтказиш тўғрисидаги қарор МСК томонидан Мудофаа вазирлиги ва «ФСБ» билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинади.
Россия президенти Владимир Путин ҳарбий ҳолат амал қилаётган ҳудудларда сайлов ўтказишга рухсат берувчи қонунни имзолади, тегишли ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди.
«Ҳарбий ҳолат тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси 4-бандига ўзгартиришлар киритилди. Унда айтилишича, ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудларда ёки уларнинг қисмларида сайловлар ва референдумлар Мудофаа вазирлиги ва «ФСБ» билан маслаҳатлашганидан сўнг Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан ўтказилади. Май ойи ўрталарида Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси ҳарбий ҳолат шароитида сайловларни ўтказиш тартибини белгиловчи тузатишларни қабул қилди. Уларга кўра, ҳарбий ҳолат амал қилаётган ҳудуднинг олий мансабдор шахси МСКга сайлов ўтказиш бўйича таклифни овоз бериш кунига камида 130 кун ва 90 кундан кечиктирмай юбориши мумкин.
Ўзгартиришлар муаллифларидан бири бўлган Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси Павел Крашенинниковнинг таъкидлашича, ўзгартиришлар «ДХР», «ЛХР», Херсон ва Запорижжя вилоятларида сайловлар вақтида қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш учун зарур. Бу ҳудудлар Украинадаги «махсус операция» давомида Россия армияси назоратига ўтди. Бу ҳудудларда 2022 йил сентябр ойида ўтказилган референдумлардан сўнг Владимир Путин уларни Россия таркибига киритиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади.
«ДХР», «ЛХР», Херсон ва Запорижжя вилоятларида ҳарбий ҳолат Путиннинг 2022 йил 19 октябрдаги фармони билан жорий қилинган. Уларни Россияга қабул қилиш тўғрисидаги конституциявий қонунларда кўрсатилишича, ушбу ҳудудларда қонунчилик сайловлари 2023 йил сентябрь ойининг иккинчи якшанбасида ўтказилиши керак. Шу билан бирга, «Ҳарбий ҳолат тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар ўтказилмаслиги қайд этилган.