Жаҳон | 14:36 / 29.05.2023
11353
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон экспортчилари Ўзбекистонга автотранспортда буғдой олиб чиқиб кетишни чеклашни таклиф қилди

Қозоғистоннинг KazGrain экспортчилар миллий ассоциацияси раҳбари Зейнолла Абдуманапов Ўзбекистонга автотранспортда буғдой олиб чиқиб кетишни чеклашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди, деб хабар беради «АПК-Информ».

Фото: Алексей Мальгавко / Коммерсантъ

«Ҳукумат томонидан Россиядан автомобиль йўллари орқали буғдой олиб киришни тақиқлаш чоралари кўрилганига қарамай, сўнгги пайтларда Россиядан вагонлар Туркистон вилоятига кириб, «Камаз»ларга ортилаётгани ҳамда Ўзбекистонга экспорт қилинаётганини кўряпмиз. Бу буғдой қандай тарзда қонуний равишда экспорт қилинаётганини ким назоратга олади? 

Шуни таъкидлаш керакки, Россиянинг бу арзон буғдойи Қозоғистон буғдойининг бутун экспортини бузади. Шу муносабат билан ушбу масалани кун тартибига қўйиш ва Қозоғистондан Ўзбекистонга автотранспорт орқали буғдой олиб чиқиб кетилишини чеклашни кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман», — деди KazGrain раҳбари. 

Аввалроқ Қозоғистон 6 ой муддатга буғдойни автомобил йўллари орқали мамлакатга олиб киришни тақиқлаган эди. Тегишли буйруқ 10 апрель куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Ербол Карашукеев томонидан имзоланган. Ушбу чора маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ва Россиянинг арзонроқ ғалласи кучли босими остида қолган қозоқ буғдойи нархини ушлаб туриш мақсадида қабул қилинди. 

Қозоғистон қайта ишловчилар иттифоқи ҳисоб-китобларига кўра, Россия буғдойининг контрабандаси туфайли республика ҳар йили 500 миллион долларга яқин зарар кўради. 

Мавзуга оид