Жаҳон | 10:58 / 30.05.2023
4647
2 дақиқада ўқилади

Полша Беларуснинг 365 нафар фуқаросига қарши санкция киритди

Варшава санкциялари рўйхатига Беларус парламенти аъзолари, расмийлар, судялар, спортчилар, фан ва маданият арбоблари киритилган. Чекловлар журналист Анжей Почобутга ҳукм кучга киришига жавоб бўлди.

Фото: AP

Варшава Беларуснинг 365 фуқаросига қарши санкциялар жорий қилди, дея хабар беради 29 май, душанба куни Полша Ички ишлар вазирлиги. Қайд этилишича, санкциялар полшалик журналист Анжей Почобутнинг қамоқ жазоси ва “Беларус ҳукумати томонидан сиёсий рақибларига нисбатан репрессиялар” муносабати билан қўлланмоқда.

159 нафар Беларус парламентарийси санкциялар остида қолди, яъни чеклов чоралари барча парламент аъзоларига нисбатан қўлланди. Шунингдек, рўйхатга 76 нафар судя, етти нафар прокурор, 32 нафар маҳаллий ҳокимлик вакили ва 28 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими киритилган. Шунингдек, рўйхатга Беларус "тарғибот фаолияти билан шуғулланувчи оммавий ахборот воситаларининг" 23 нафар вакили, 24 нафар спортчи ва спорт амалдори, Беларус давлат муассасалари ва корхоналарининг саккиз нафар ходими ҳамда айрим фан ва маданият арбоблари киритилган.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, "бу одамлар Беларус режимини тарғиб қилган, шунингдек, ҳокимиятнинг репрессив сиёсатини қонунийлаштириш ва қўллаб-қувватлашда иштирок этган". Таъкидланишича, улар Анжей Почобутга нисбатан "сохта айбловлар билан чиқарилган", сиёсий сабабларга эга ҳукм учун ҳам жавобгардир.

Санкциялар рўйхатида, шунингдек, “Россия капитали билан боғлиқ” 20 тадбиркорлик субъекти ва 16 жисмоний шахс (15 россиялик ва бир беларус) ҳам бор. Санкцияга дучор бўлган шахсларга Шенген ҳудудига кириш тақиқланади, уларнинг маблағлари музлатилади.

Мавзуга оид