Ўзбекистон | 13:01 / 30.05.2023
7131
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев июн ойи бошида Қирғизистонга ташриф буюриши мумкин

Қирғизистон 2 июн куни Чўлпон-Отада Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити ўтказилишини эълон қилди. Унда Европа кенгаши раҳбари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон президентлари ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари иштирок этиши кутилмоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида 2 июн куни президент Садир Жапаров раислигида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» иккинчи саммити бўлиб ўтади, деб хабар қилди Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати. 

Қирғизистон томонининг хабар беришича, саммитда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Туркманистон вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов иштирок этади.

Икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинади, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади. 

Бундан ташқари, президент Садир Жапаров делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. 

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги, биринчи саммити 2022 йил 27 октябр куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий вазият Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги интеграцияни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашини талаб қилишини таъкидлади. Шунингдек, у ушбу формат доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди. 

Мавзуга оид