Жамият | 19:59 / 31.05.2023
31124
2 дақиқада ўқилади

Якшанба куни дам олганлардан тушунтириш хати олган самарқандлик мансабдор жаримага тортилди

Самарқандда Ёшлар ишлари агентлигининг Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари раҳбарлари дам олиш кунида дам олгани учун вилоятга тушунтириш хати ёзиб бергани ҳақида хабар берилганди.

Фото: Getty Images

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат Давлат меҳнат назорат инспекцияси томонидан назоратга олинган ва агентликнинг бошқарма бошлиғига маъмурий жарима қўлланган.

Ўтказилган ўрганиш давомида Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Ҳ.Тўхтаев 2023 йил 21 май, ҳафтанинг якшанба дам олиш куни иш юзасидан Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида бўлиб, агентликнинг Каттақўрғон ва Пахтачи туманлари бўлим бошлиқларидан "Ёшларни маҳаллабай йўл хариталари" бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини билиш мақсадида излаган ва уларнинг телефон рақамларига боғлана олмаган.

Шундан сўнг 2023 йилнинг 23 май душанба куни бошқарма бошлиғи Ҳусен Тўхтаев бошқарманинг кадрлар бўлим бошлиғи Э.Давировга Ёшлар ишлари агентлиги Каттақўрғон ва Пахтачи тумани раҳбарларидан якшанба куни телефони ўчирилганлиги юзасидан тушунтириш хати олиш тўғрисида топшириқ берган. Шундан сўнг Тўхтаев номига ушбу туман бўлимлари раҳбарларининг тушунтириш хатлари талаб қилиб олинган.

Меҳнат Кодексининг 209-моддасида дам олиш кунларида ва ишламайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланиши, агарда кутилмаган қайси бир ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса, ўша ишни бажариш учун дам олиш кунлари ва ишламайдиган байрам кунлари ишга жалб этиш уларнинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Юқоридаги ҳолатда Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошлиғи Тўхтаев Ҳусен Мирзаевичга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 49-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги сабабли Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорат инспекцияси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

Мавзуга оид