Жаҳон | 11:20 / 01.06.2023
5490
1 дақиқада ўқилади

Германия Россиянинг бешта бош консуллигидан тўрттасини ёпяпти

Россиядаги немис давлат хизматчиларига нисбатан қўйилган чекловларга жавобан Германиядаги тўртта Россия бош консуллиги ёпилади. Шундай қилиб, ГФР Берлинда элчихона ва битта бош консулликни қолдиради.

Фото: Getty Images

Россиядаги немис давлат хизматчилари учун чекловлар туфайли Россиянинг Германиядаги бешта бош консуллигидан тўрттаси жорий йилнинг 31 декабригача ёпилиши керак. 31 май, чоршанба куни Берлинда Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Россия томонига бу қарор ҳақида расман маълум қилди.

Шундай қилиб, Германияда фақат Россиянинг Берлиндаги элчихонаси ва битта бош консуллик фаолиятини давом эттиради. Қайси дипломатик ваколатхоналар ёпилиши ҳақида хабар берилмаган. Бундан ташқари, Германиядаги россиялик амалдорлар сони ҳам қисқартирилади, деб хабар беради DW'нинг Берлиндаги мухбири.

Ҳозирги вақтда Германияда Россиянинг Берлиндаги элчихонаси консуллик бўлимига қўшимча равишда бешта Россия бош консулликлари мавжуд: Бонн, Ҳамбург, Франкфурт-Майн, Мюнхен ва Лейпцигда.

Германия Москванинг 350 нафар немис давлат хизматчисидан иборат бўлган лимитни жорий этишига тегишли чоралар билан жавоб беради.

Мавзуга оид