«Реал» пойгада қолмоқда, Шомуродовда муваффақиятли серия. Кун ўйинлари
|16:38 / 05.05.202518 03020 мин
Кейн диванда ўтириб чемпион бўлди, «Ливерпул» учта, «МЮ» тўртта гол ўтказди. Якшанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
«МЮ» АПЛнинг навбатдаги тур ўйинини жуда яхши бошлаганди. Маунт 2024 йил мартидан буён илк бор гол урди, ушбу яримҳимоячи сўнгги голини ҳам «Брентфорд» дарвозасига киритганди. Аммо кейин «қизил иблислар»да муаммолар бошланди. Аввалига Дамсгор аутдан улоқтирган тўп Шоунинг кўкрагига теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди, рикошет Байиндирни иложсиз аҳволда қолдирди. Кўп ўтмай меҳмонлар аламли гол ўтказиб юборди, ўз жамоаси жарима майдони яқинидаги тўқнашувдан кейин де Лигт газонга ётиб қолди ва қўл ишораси билан ёрдамга муҳтож эканини билдирди (унинг ўрнига Магуайр туширилди). Аммо бу вазиятда Энтони Тейлор ўйинни тўхтатмади ва «Брентфорд» ҳужумни давом эттириб, рақиб футболчилари тўхтаб қолганидан фойдаланиб, дарвозани ишғол этди.
Ўйин манчестерликларнинг йирик ҳисобдаги мағлубияти билан якунланиши ҳам мумкин эди, аммо дам берилган Бруну Фернандеш йўқлигида иккинчи бўлимда майдонга тушган Эриксен ўзини кўрсатди. Ҳисоб 1:4 кўринишида эканида айнан шу даниялик футболчининг ўз услубидаги зарбасидан кейин олис устун олдида турган Гарначо тўпни дарвозага тўғрилаб юборди, аргентиналик ушбу ёш вингер Криштиану Роналдуга тегишли бўлган клуб рекордини такрорлаш арафасида турибди. Гап 21 ёшгача АПЛда амалга оширилган голли ҳаракатлар ҳақида бормоқда (25 га қарши 24). Қўшимча дақиқаларда эса февралдан буён илк бор майдонга тушган Диалло ҳисобни минимал кўринишгача қисқартирди. Лекин унинг голи жамоани қутқармади ва Европада енгилмас жамоа бўлиб қолаётган «Юнайтед» ички аренада қаторасига олти турда ғалаба қозона олмаяпти. Бундай нохуш серия жамоани Луи ван Гаал бошқарган 2015 йилдан буён кузатилмаганди.
ЕЧЛ йўлланмалари учун пойгада «Нюкасл» муҳим очколарни бой берди ва учинчи ўринга қайта олмади. Энди бу ўринда жума куни «Вулверҳэмптон» устидан ғалаба қозонган (1:0) «Манчестер Сити» жойлашган. «Қарғалар» эса «Брайтон» майдонидаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолди, жамоа учинчи уринишда барибир пеналти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бунгача икки эпизодда VAR «чайкалар» жамоаси фойдасига қарор қабул қилиб, Гордонга жарима майдонига киришидан олдин қўполлик ишлатилгани, Уиллок эса актёрлик маҳоратини ишга солганини қайд этганди. Шу билан бирга, Эдди Ҳау бир очко учун ҳам миннатдор бўлиши мумкин, қўшимча дақиқаларда мезбонлар вакили Гомес дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўғри тепа олмади.
ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган яна бир жамоа «Челси» эса муддатидан олдин мавсум чемпионлигини ҳал қилиб бўлган «Ливерпул»га қарши ўйиннинг илк дақиқаларидан олдинга ташланди, майдон марказидан олдинга ташланган Энцо Фернандес Педру Нетунинг қанотдан узатмасига етиб борди. Шундан кейин мезбонлар ҳисобдан келиб чиққан ҳолда ўйнаш имконига эга бўлишди, танаффусдан кейин яна олдинга ташланиб, иккинчи голли ҳужумни уюштиришди. Бу ҳужумни Палмер бошлаб берди, ван Дейк эса Мадуэкенинг босими остида тўпни муваффақиятли узоқлаштира олмади ва тўп «Ливерпул»нинг бошқа бир ҳимоячиси — Куансага теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди.
Нидерландиялик ҳимоячи ўз айбини ювиш учун олдинга борди ва бурчак зарбасидан кейин ўз услубида гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Бу «Челси» корнер орқали учинчи голни уриши мумкин бўлган вазиятдан бир неча дақиқа ўтиб рўй берди. Ўша бурчак зарбасидан кейин Палмер шедевр гол уриши мумкин эди, аммо тўп устунга борди.
Натижада «Стэмфорд Бриж»да сўнгги дақиқаларгача интрига сақланиб қолди, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар охирида эса Кайседо кун омадсизи Куансани жарима майдони ичида қўполлик ишлатишга мажбур қилди. Пеналти белгилангач, Палмер 14 январдан буён илк голини уришга муваффақ бўлди. Ҳозирча «Челси» бешинчи ўринда ва «Ноттингҳэм» душанба куни «Кристал Пэлас»ни енгган тақдирда ҳам бу позицияни ўзида сақлаб қолади.
Чемпионлик учун курашдаги интрига ёки янада кучайиши ёки бутунлай ўлиши аниқ бўладиган класикога бир ҳафта қолганида «Реал» яна бир синовдан ўтди. Аввалига барчаси яхши кетаётганди. Арда Гулер Карло Анчелоттининг ишончини оқлашда давом этиб, бир гол урди ва бир голга узатма берди, Мбаппе эса дублни расмийлаштирди. У XXI асрда Ла лигадаги дастлабки 30 ўйинда урилган голлар сони (24) бўйича фақат Криштиану Роналду (26) ва ван Нистелройдан (25) ортда. Шу билан бирга, Килиан анча олдинроқ биринчи мавсумда барча турнирлар доирасидаги сермаҳсуллик бўйича португалиялик ва нидерландиялик ҳужумчиларни ортда қолдирганди. Француз ҳужумчиси мавсум бошидан буён 36 та гол урган ва Иван Саморанога тегишли клуб рекордини (1992/93 йиллар мавсумидаги 37 гол) янгилашга яқин турибди.
Кейин эса бу устунлик бой берилиши ҳам мумкин эди. Ҳисоб 3:0 ҳолатида мадридликлар ўз вазиятларини кўкка совура бошлади, футболчилар қулайроқ вазиятдаги шерикларидан тўп қизғанди ёки қулай позициядан аниқ зарба бера олмади. «Селта» биринчи голни урганидан кейин эса мезбонлар асабийлаша бошлади. Яго Аспаснинг Сведбергни яккама-якка вазиятга чиқариб юборган паси эса «Реал» мудофаасидаги муаммолар қанчалик жиддий эканини кўрсатиб берди. Рюдигер жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, лазаретдаги Эдер Милитао ва Карваҳал ёнига Камавинга, Алаба ва Менди ҳам бориб қўшилди. Ўйин охирида эса Карло Анчелоттида майдонга тушириш учун иккинчи жамоадаги 20 ёшли Рамондан бошқа вариант йўқ эди. Мураббийнинг изоҳлашича, бу мажбурий алмаштириш бўлган, чунки Раул Асенсио ўйинни давом эттира олмасди.
Ўйиннинг 85-дақиқасигача «Бетис» хаёлан ЕЧЛ орзуси билан хайрлашганди, аммо шу дақиқада жанубий америкача магия сеанси бошланди. Аргентиналик Ло Челсо майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, жарима майдонига қадар рейд уюштирди. У ўз йўлида рақибнинг уч футболчисидан ўтди, кейин эса шведка услубидаги зарбаси билан дарвозани ишғол этди. Арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Антони жарима майдони бурчагидан туриб тўпни ақл бовар қилмас траектория бўйича «олис тўққизлик»ка аниқ йўналтирди. Бразилиялик футболчи қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба голи муаллифи бўлмоқда, бу эса бешинчи ўриндаги «Вилярреал» билан орадаги фарқни бир очкогача қисқартиришга имкон берди.
Сўнгги вақтларда жуда кўп марта голсиз дуранг ўйнаган «Атлетик» ҳам ҳали ўзини хотиржам ҳис қила олмайди, баск дербисида «Реал Соседад»га қарши навбатдаги дурангдан кейин жамоа финишгача тўрт тур қолганида олтинчи ўриндаги «Бетис»дан атиги тўрт очко олдинда. Бу етарлидек кўриниши мумкин, аммо Билбао жамоасининг тақвими қийинроқ, Валверде жамоасини кейинги турларда лиганинг исталган жамоасига муаммо туғдира оладиган «Хетафе», сўнгги вақтларда инқироздан чиқиб олган «Валенсия» ҳамда чемпионлик учун ҳар бир очко муҳим бўлган «Барселона» каби рақиблар кутмоқда.
Италиядан ЕЧЛ йўлланмаси учун даъвогарлар марафонини «Лацио» бошлаб берди ва дарҳол ўз мақсадига эришди. Биринчи ҳужумдаёқ Ҳюсай майдон марказидан туриб тўпни рақиб жарима майдонига етказиб берди, у ерда эса Диа ўз маҳоратини ишга солди. Голли узатма муаллифи ўйинни охиригача етказиб қўя олмади ва иккинчи сариқ карточкадан кейин майдонни тарк этди. Аммо бу билан таркиблар сони фақат тенглашди, «Эмполи» биринчи бўлимдаёқ бир киши кам бўлиб қолганди. Энди «бургутлар» учун барчаси кейинги икки турда ҳал бўлади, римликлар аввалига ЕЧЛ йўлланмаси учун тўғридан тўғри рақобатчиси бўлмиш «Ювентус»ни қабул қилади, кейин эса чемпионлик учун курашаётган «Интер» меҳмони бўлади.
«Аталанта» эса кейинги турдаёқ «Наполи» ва «Интер» ортидан ЕЧЛга тўғридан тўғри йўлланмани кафолатлаши мумкин. Турнир жадвалининг юқори қисмидаги рақобатчилар ўзаро ўйнаган турда бергамоликлар аутсайдерни йирик ҳисобда тор-мор этди. Мавсумни ёрқин бошлаган, аммо 21 январдан буён голсиз серия қайд этаётган Шарл Де Кетеларе дублни расмийлаштирди. Иккинчи бўлим бошида эса Лукман ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Лекин тезкор қарши ҳужумларга таянадиган Жан Перо Гасперини жамоасига кейинги турда осон бўлмайди. «Рома» — юмшоқ қилиб айтганда, «Монца» эмас.
«Бўрилар» сафарда «Интер» устидан қозонилган ғалаба ортидан яна бир мураккаб рақиб синовидан муваффақиятли ўтди. Ўйин тақдирини биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда урилган гол ҳал қилди. Бу сафар ҳам Элдор Шомуродов асосий ишни бажарди. Аввалига унинг кучли зарбасидан кейин де Хеа тўсин остига бораётган зарбани қайтариб юборди. Шундан кейин белгиланган бурчак зарбаси ижро этилганида эса ўзбекистонлик ҳужумчи тўпни бош билан қулайроқ позицияда турган жамоадоши Довбикка ташлаб берди.
Ғалабага дарвозабон Свилар ҳам катта ҳисса қўшди, у «Фиорентина» тўпурари Мойзе Киннинг кетма-кет зарбаларини бартараф этди. Албатта, Клаудио Раниерининг ҳам хизматини эътироф этиш керак, унинг бошқарувида «Рома» ички чемпионатда 19 турдан буён ютқазмаяпти ва онлайн жадвалда «Лацио»ни қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига қувиб ўтиб, тўртинчи ўринга кўтарилди.
«Ювентус» бундан олдинги сафар ўйинида лигада қолиш учун курашаётган «Парма» қаршисида ожиз қолганди, аммо ЕЧЛ учун курашдаги рақобатчиси бўлмиш «Болоня»га қарши ўйин жуда кучли бошланди. Маккенни прессинг билан тўпни рақибдан олиб қўйди, Камбязо ҳужумни ривожлантириб, тўпни Кефрен Тюрамга етказиб берди, Скорупски эса француз ҳимоячининг узоқдан йўллаган зарбасини қайтара олмади. Аммо танаффусга яқин қолганида мезбонлар босимни кучайтиришди, танаффусдан кейин эса ҳисобни тенглаштиришди. Ди Грегорио Фройлернинг зарбасини қайтариши мумкин эди, аммо зарба йўналишини тўсишга уринган Ренату Вейга траекторияни ўзгартириб юбориб, дарвозабонни иложсиз аҳволда қолдирди.
Бу голдан бироз олдинроқ эса Камбязонинг голи микроскопик офсайд туфайли бекор қилинганди. Иккинчи бўлим давомида Коло Муанининг рейдидан кейин мезбонлар жарима майдонида таҳликали вазият юзага келди, тўп бўш дарвоза қаршисигача олиб борилди, аммо бу вазиятда Коштанинг оёғи тойиб кетди ва тўп дарвоза тўрига киришни истамади. Сўнгги дақиқаларда эса мезбонлар ҳужумчиси Камбиагининг зарбасидан кейин тўп йўлидан жамоадоши чиқиб қолди. Якунда «Юве» ва «Болоня» ўртасидаги қаторасига бешинчи ўйинда ҳам дуранг қайд этилди. Туринликлар жамоаси қўшимча кўрсаткичлар эвазига тўртинчи ўринга кўтарилди, аммо бу ўринни Римнинг икки жамоаси билан бўлишиб турибди. «Болоня» эса бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда ва ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун кураш сўнгги турга қадар давом этади.
Бу ўйин бир вақтнинг ўзида бир неча клуб мухлислари диққат марказида эди. Мюнхендагилар «Бавария»нинг чемпионлигини нишонлаш учун «Байер»нинг очко йўқотишини кутишаётганди. Дортмунд ва Лейпцигдагилар эса, аксинча, Леверкузен учун мухлислик қилишди, улар Хаби Алонсо шогирдлари тўртинчи ўрин учун рақобатчиси «Фрайбург»га зарба беришидан умид қилишаётганди. Якуний натижа эса икки гол устунлигини бой берган «Фрайбург»дан ташқари деярли барчани қониқтирди.
«Бавария» футболчилари майдонда бўлмай туриб 34-титулга эга чиқишди ва кейинги турда Кумуш товоқни қабул қилиб олишади. Бешинчи ўринга тушган «Боруссия» ЕЧЛ зонасидан атиги бир очкога ортда қолмоқда. Дортмундликлар кейинги турда мавсум учун мотивацияси қолмаган «Байер»га қарши Леверкузенда ўйнайди.
«Фрайбург»ни мавсум якунида лигада қолиш учун курашаётган «Ҳолштайн» (сафарда) ва ЕЧЛ йўлланмасига даъвогар «Айнтрахт» (уйда) каби жамоаларга қарши ўйинлар кутмоқда. Франфуртликлар турни ёпиб берувчи ўйинда йўлланмани ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо жамоа Майнцдаги ўйиннинг иккинчи бўлимида минимал ҳисобдаги ғалабани бой бериб қўйди.