Шомуродов «Рома»га ғалаба келтирди, «Барса»да чемпионча камбэк. Кун ўйинлари
|14:50 / 20.04.202523 56714 мин
17 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этаётган римликлар ЕЧЛ йўлланмаси учун курашмоқда. «Атлетико» пойгани узил-кесил тарк этди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Ҳафта ўртасида «Кристал Пэлас»га қарши қолдирилган учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонган «қарғалар» Бирмингҳэмда ашаддий рақиб томонидан тор-мор этилди: Чемпионлар лигасида ўйнаш ёқиб қолган «Астон Вилла» кейинги мавсум учун йўлланмадаги тўғридан тўғри рақибга қарши ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ўтган мавсумда ушбу клубга қарши икки ўйинда ҳам йирик ҳисобларда мағлуб бўлган (1:5, 0:3) Унаи Эмери шогирдлари илк дақиқадан ҳужумга ташланишди ва Уоткинс биринчи ҳужумдаёқ ҳисобни очди. Меҳмонлар биринчи бўлимдаёқ жавоб қайтаришди, иккинчи бўлимда эса яна учта гол қабул қилиб олишди. Кейинги мавсумда ЕЧЛда Англиядан беш жамоа қатнашади, бирмингҳэмликлар эса ҳозирда олтинчи ўринда. Жамоа ҳисобидаги очколар сони тур ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Ноттингҳэм»ники билан бир хил, тўртинчи ўриндаги «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ — атиги бир очкони ташкил этмоқда. Баҳор бошланганидан буён «Вилла» ўз уйида жуда яхши ўйнамоқда ва қаторасига олти ғалабали учрашувнинг ҳар бирида камида иккитадан гол урган. Жамоада бундай серия 1990 йилдан буён кузатилмаганди.
Сешанба куни Дортмундда мухлислар илк бор имконсиз ҳолатдаги «Барселона»га гувоҳ бўлишганди. Шанба оқшомида ҳам кўк-анорранглилар ўз майдонидаги ўйинда Борху Иглесиасни тўхтата олмасдан, қийин аҳволга тушиб қолишди. Ўз вақтида «Бетис»да порлаган, аммо Германияда («Байер»га ижарага берилганида) ўзини кўрсата олмаган тажрибали форвард ватанига қайтиб, XXI асрда фақат Диего Форлан уддалаган ишни такрорлади. Аниқроқ айтганда — Каталония пойтахтидаги сафар ўйинида ҳет-трик қайд этди ва ўйиннинг бир соати ортда қолганида таблода («Боруссия» билан ўйиндаги каби) 1:3 рақамлари ёниб турарди.
«Барса» мудофааси шу куни очиқ эшиклар кунини ёдга соларди ва Иглесиас учинчи голини майдон марказидан қочиб кетиб, яккама-якка ҳолатга чиқиб борган ҳолатда урди. Аммо Ҳанси Флик жамоасини шу куни тиним билмаган Рафиня қутқариб қолди. Бразилиялик вингернинг навбатдаги бенефиси дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Дани Олмога пас бериш билан бошланди. Бир неча дақиқа ўтиб унинг ўзи Ямалнинг узатмасидан кейин бош билан аниқ зарба берди. 1:3 ҳисоби беш дақиқа ичида 3:3 кўринишига ўзгарди. Ва бу ҳали якун эмасди. 90-дақиқада Мингеса бир неча метр масофадан турган ҳолатда бўш дарвозани ишғол этиб, собиқ жамоасини ранжитиши мумкин эди, ўйин тақдирини эса Рафиня ижросидаги пеналти ҳал этди.
Бу мавсумдаги 48 ўйинда ушбу бразилиялик 30 гол урган ва 21 голли узатма муаллифи бўлган. Бундай кўрсаткични Неймар «Барса»даги энг яхши мавсумида қайд этганди (49 ўйинда 31+20) ва айтиш мумкинки, бразилларнинг бу борадаги кўрсаткичи янгиланишига кўп вақт қолмади. Бу оқшомдаги ақл бовар қилмас камбэк эса чемпионлик пойгасида муҳим бўлиши мумкин. Каталонияликлар яна «Реал»дан етти очкога олдинда ва Мадриднинг жавобини кутади.
«Лас-Палмас» – «Атлетико» 1:0
Гол: Мунйос 90+5.
Кун сенсацияси — «Атлетико» турнир жадвалининг қуйи қисмида келаётган «Лас-Палмас» майдонида ютқазиб қўйиши бўлди. Мезбонлар дарвозабони Хоркаш Жулиано Симеоне қанотдан ажойиб узатмалари билан Хулиан Алварес ва Александр Сёрлотни қулай вазиятларга чиқарганида, феноменал сейвлар амалга ошириб, биринчи бўлим қаҳрамони бўлди. Ўйин тақдирини эса арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «матрасчилар» жарима майдони ичидаги комедик вазият ҳал қилди. Тажрибали Хименес қўпол хатога йўл қўйди ва ғалаба голини урган Мунйос мухлисларни ақлдан оздирай деди. Фанатлар муҳим ғалабани футболчилар билан нишонлаш учун тўсиқни бузиб ўтишига бир бахя қолди.
«Атлетико» эса энди пешқадам «Барселона»дан 10 очкога ортда қолмоқда ва амалда чемпионлик курашидан буткул чиқди.
«Наполи» скудетто учун пойгада қоқилмаяпти ва камида якшанба кунги ўйинлар якунига қадар тўпланган очколар сони бўйича «Интер»га тенглашиб олди. Антонио Конте жамоаси қилиши керак бўлган ишни қилди, аммо лигани тарк этишга маҳкум бўлган «Монца» устидан қозонилган ғалабани осон қўлга киритилди деб бўлмайди. Аксинча, аутсайдер ўйин давомида мунтазам равишда ҳужум уюштирди. Аммо ўйин давомида бир неча бор мезбонларни қутқариб қолган дарвозабон Турати Распадорининг узатмаси вақтида тўпга чиқишда хато қилди ва бундан Мактоминай фойдаланиб кетди. Шотландиялик яримҳимоячининг бошда йўллаган аниқ зарбаси — жорий мавсумдаги тўққизинчи голи бўлди ва бу жиддий натижа. Гап шундаки, «Наполи» А серияга қайтган 2007/08 йиллар мавсумидан буён фақат биргина яримҳимоячи илк мавсумида бу каби сермаҳсуллик намойиш этган. Мактоминай фақат «Наполи» афсонаси Ҳамшик уддалаган ишни бажарди.
«Бавария» чемпионлик сари навбатдаги қадамни Кейннинг биринчи голидаги каби ишонч билан ташлади. Ва бу Лаймерни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборган Гнабрининг паси каби чиройли бўлди. Коман ва Киммиҳ урган голлар эса — жамоалар савиясидаги фарқни яққол кўрсатиб қўйди. Венсан Компани жамоаси «Байер»га чемпионликни ҳимоя қилишга имкон қолдирмаяпти.
Турнир жадвалидаги вазият нуқтайи назаридан энг қизиқ кураш тўртинчи ўрин учун кечмоқда. Реал вақт режимида «Лейпциг» тўртинчи ўйинни бой бериб, «Майнц»ни яна олдинга ўтказиб юборди, майнцликлар ўз ўйинида биринчи бўлим охиридаги уч дақиқада 0:1 ҳисобини 2:1 кўринишига келтирганди. Аммо якунда жорий мавсумда сенсация кўтарган жамоа Арнолднинг қурбонига айланди. «Волфсбург» яримҳимоячиси ўйин бошида ўз услубида узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очганди. У жарима зарбаларидан урган голлари сонини 21 тага етказиб, бундеслиганинг сўнгги 20 йилликдаги энг яхши жарима усталари — Диего ва Ройсга тенглашиб олди. Ўйин охирида эса Арнолд бурчакдан оширган тўпни ҳимоячи Вавро голга айлантириб, мувозанатни тиклади.
«Лейпциг» ҳам иккинчи бўлим давомида Шешко урган гол эвазига бир очкога эга бўлди. Икки дуранг — рақобатчилар учун совға бўлди. Хусусан, «Фрайбург» ғалабани қўлдан бой берган «Майнц»ни олтинчи ўринга тушириб юборди ва тўртинчи ўрин билан орадаги фарқни атиги бир очкога қисқартирди. Якшанба куни Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби ҳам ЕЧЛ йўлланмасига даъвогарлар сафига қўшилиши мумкин. Бунинг учун эса Дортмундда ғалаба қозониш талаб этилади. Катта эҳтимол билан, тур якунларига кўра, учинчи ўриндаги «Айнтрахт» олдинга чиқиб кетади. Бунинг учун шу ҳафта Европа лигасини чоракфиналда тарк этган «бургутлар» бу мавсумда кўп ўйинларда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолаётган «Аугсбург» мудофаасини ёриб ўтиши керак бўлади.
Кун статистикаси
Бундеслига тарихида 1-марта биринчи бўлимда саккиз гол урилиб, 4:4 ҳисоби қайд этилди. Бу «Унион» ва «Штутгарт» ўйинида кузатилди.
АПЛда «Брентфорд» форвардлари Мбеумо ҳам, Висса ҳам гол урган ўйинлар сони 18 тага етди. Турнир тарихида фақат етти бор шундай ҳужум жуфтлиги бўлган.
«Брайтон»нинг 34 ёшли форварди Уэлбек фаолиятида илк бор АПЛнинг бир мавсумида 9 гол ва 13 голли узатмага эришди.
«Барселона» форварди Рафиня ўтган йил бошидан буён берган голли узатмалар сони 26 тага етди. Топ-5 лигаларда бу давр оралиғида бразилиялик футболчи бу борада фақат «Ливерпул» юлдузи Салоҳдан ортда (29).