Жаҳон | 21:35 / 01.06.2023
10477
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини «юмшатмоқчи» - ОАВ

Жумладан, санкция остидаги юкларни ташувчи кемалар учун Европа портларига киришни тақиқлаш таклифидан қисман воз кечилиши мумкин. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи 11-санкциялар пакетига киритилиши таклиф қилинган айрим чекловларни қисман юмшатиши мумкин, деб хабар берди Bloomberg

Жумладан, Европа Иттифоқи санкция остидаги юкларни ташувчи кемалар учун Европа портларига киришни тақиқлаш таклифидан қисман воз кечиши мумкин. 

Манбаларнинг таъкидлашича, юкларни кемадан кемага кўчириш бўйича таклиф қилинган чекловлар ва навигация тизимларини ўчириб қўювчи кемаларга қарши санкциялар тахминан 30 кунга кечиктирилиши мумкин. 

Европа Иттифоқининг бир қанча аъзолари, жумладан Германия, санкциялар рўйхатига мамлакатларнинг киритилишидан хавотирда ва биринчи навбатда компаниялар рўйхатини тузишни афзал кўрмоқда. 

Айни пайтда Греция ва Венгрия талаблари юзасидан музокаралар давом этмоқда. Афина ва Будапешт ўз компанияларини Украинанинг «уруш ҳомийлари» рўйхатидан олиб ташланишига эришмоқчи. Ушбу рўйхатга Грециянинг бешта юк ташиш компанияси ва Венгриянинг OTP банки киради. 

Европа Иттифоқи Россияга қарши 11-санкция пакетида чекловлари четлаб ўтилишига қарши курашмоқчи, деди аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, чекловларни бузганликда гумон қилинаётган турли мамлакатларнинг 90 дан ортиқ компаниялари санкциялар остида қолиши мумкин. Бундан олдин, май ойида фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Россия орқали учинчи мамлакатларга санкция қўйилган товарлар транзитини тақиқлаш имкониятини муҳокама қилаётганини айтганди. 

Шу билан бирга, ЕИ 100 га яқин россиялик шахсларни санкциялар рўйхатига киритишни ва европалик компанияларнинг Россияни тарк этишига ёрдам бериш учун айрим молиявий операцияларга махсус рухсат беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид