Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой дунёдаги энг йирик астрономия марказини қуришни режалаштирмоқда
Ҳозирда қиймати 369 млн долларлик 14,5 метрли Катта оптик телескоп ва 6,5 метрли кўп объектли кузатув телескопи учун майдон тайёрлаш, кўзгуларни сайқаллаш ҳамда қурилмаларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Хитой 2030 йиллар ўрталарига қадар Цинхай вилоятидаги Сайшитэн тоғи чўққисида дунёдаги энг йирик астрономия марказини барпо этишни режалаштирмоқда. Айни пайтда у ерда энг кучли оптик телескоплардан бири қурилмоқда.
Телескопларнинг диаметри 6,5 метрдан 14,5 метргача бўлади ва улар ўнлаб кичикроқ қурилмалар билан биргаликда ишлайди, деди Пекиндаги Хитой Миллий астрономик обсерваториялари (NAOC)нинг майдонни режалаштириш бўйича бош илмий раҳбари Дэн Лицай.
«Уларнинг умумий ёруғлик тўплаш қобилияти Ҳавайидаги Мауна-Кеа чўққисида жойлашган телескоплар имкониятларидан юқори бўлиши кутилмоқда», — деди у.
Мауна-Кеа — АҚШнинг Ҳавайи штатидаги тоғ бўлиб, унинг чўққисида Maunakea Observatories обсерваториялар мажмуаси жойлашган. У дунёдаги энг йирик ва энг муҳим обсерватория мажмуаларидан бири ҳисобланади. У ерда иккита 10 метрли Keck, 8,2 метрли Subaru ва 8,1 метрли Gemini North телескоплари жойлашган.
Лицайнинг сўзларига кўра, ҳозирда 14,5 метрли Катта оптик телескоп (LOT) ва 6,5 метрли кўп объектли кузатув телескопи (MUST) учун майдон тайёрлаш, кўзгуларни сайқаллаш ҳамда қурилмаларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. LOT лойиҳасининг қиймати 2,5 миллиард юан (тахминан 369 млн доллар)ни ташкил этади. Уларни 2030 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
2016 йил сентябрда Хитой дунёдаги энг йирик FAST (Five hundred meter Aperture Spherical Telescope) радиотелескопидан фойдаланишни бошлаганини, 2023 йил июлда эса дунёдаги энг йирик қуёш радиотелескопи — Daocheng Solar Radio Telescope (Даочэн қуёш радиотелескопи) ишга туширилганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
08:04 / 06.06.2026
Сунъий йўлдошлар Хитойнинг ноодатий сувости кемасини аниқлади
08:35 / 05.06.2026
Ўзбекистонда Хитойнинг янги интернет провайдер зоналари пайдо бўлади
08:22 / 05.06.2026
Ўта бой аҳоли сони энг тез ўсган давлат маълум бўлди
08:56 / 04.06.2026